Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда илк бор кўз микрожарроҳлиги бўйича инновацион ўқув-симуляцион марказ очилади
2019-09-05 | Соғлиқни сақлаш
Бугунги кунда давлатимиз томонидан тиббиёт соҳасига кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Доктор Мақсудова ДМC клиникаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда халқаро стандартлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Марказий Осиёда биринчи марта кўз микрохирургияси бўйича симуляцион амалий ўқув маркази очишга тайёргарлик кўрмоқда.
Лойиҳанинг мақсади кўз микрохирургияси бўйича мутахассисларни жаҳон стандартлари даражасида тайёрлашнинг инновацион усулини жорий этишдан иборат. Тренинг Германия томонидан ишлаб чиқарилган Eyesi VRMAGIC симуляцион аппаратида амалга оширилади.
– Мазкур лойиҳа республикамиздан ташқарига чиқмасдан кўз микрохирургияси мутахассисларининг сифатини ошириш имкониятини беради, – дейди DMC клиникаси директори Зулфия Мақсудова. — Тренинглардан сўнг операциядан кейинги асоратлар икки баравар пасаяди, натижада кўриш бўйича ногиронлик ҳолатлари юзага келиши камаяди. Мазкур марказимиз ўз фаолиятини бошлаганидан сўнг биз йилига ўз касбини мукаммал эгаллаган 50 нафар мутахассис етиштириб беришга эришамиз. Юртимизда офтальмохирург мутахассисларини тайёрлашнинг рақобатбардош тизими яратилади, махсус компьютер дастури ёрдамида муайян жарроҳлик муолажаларини ўтказиш учун мутахассисларга рухсат бериш жараёнининг объектив тизими жорий этилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда энг кенг тарқалган операциялардан бири — катаракт факоэмулсификацияси билан шуғулланадиган офтальмохирурглар тайёрлаш даражаси қониқарсиз эканлиги кузатилмоқда. Масалан, 2017 йили Ўзбекистонда 40 000 тага яқин катаракт хирургияси амалга оширилди. Бу 1 000 000 аҳоли учун 825 та операция деганидир, яъни мамлакатнинг йиллик эҳтиёжининг 24.5% ни ташкил этади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда катаракт факоэмулсификацияси билан шуғулланадиган 11 нафар юқори малакали мутахассис мавжуд. Республика бўйича 150 000 факоэмулсификацияга муҳтож беморлар борлигини инобатга олсак, мана шу юқори малакали мутахассислар ўз имкониятларидан максимал фойдаланган ҳолда йилига жами 10 000 та жарроҳлик амалиётини ўтказишлари мумкин.
Дунёда катаракт факоэмулсификацияси бўйича мутахассисларни тайёрлашнинг яна икки тури мавжуд: биринчиси — WetLab тизими бўлиб, унда маъруза ва семинарлар шаклидаги назарий машғулотлар ўтказилади ҳамда ҳайвонларнинг кўзларида амалий кўникмалар шакллантирилади. Бироқ ҳайвонларнинг кўзлари инсон кўзларидан кескин фарқ қилади, мутахассислар ҳайвонларнинг кўзларида ўртача 20 та операцияни амалга оширади холос. Мазкур тизим тизим Россия Федерацияси, Европа ва Қозоғистонда қўлланилади.
Иккинчиси — назарий машғулотлар маъруза ва семинарлар шаклида ўтказилади, амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш ишлари эса бевосита беморларнинг кўзларида амалга оширилади. Ўз навбатида, вужудга келиши мумкин бўлган асоратлар учун таълим бераётган жарроҳнинг ўзи жавоб беради. Бунда мустақил операциялар сони 30 тани ташкил этади. Ушбу таълим усули Ҳиндистонда қўлланилади, одатда ноқонуний ҳисобланади.
Юқорида келтирилган усуллар бўйича таълим олган шифокорларга таълим олгани ҳақида сертификатлар берилади, лекин бу уларнинг керакли кўникмаларга эга бўлганини тасдиқламайди.
Ҳиндистонда икки ҳафталик тренинг камида 6 минг АҚШ долларига тенг. Европадаги икки ҳафталик тренинг эса ўртача 10 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Офтальмохирург шифокорларини тайёрлашнинг жаҳон стандарти бўлган Eyesi by VRMAGIC тизимидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда инновацион ўқув-симуляция марказининг ташкил этилиши тиббиётнинг мазкур йўналишини ривожлантиришга катта туртки беради.
Ушбу лойиҳанинг ноёблиги Марказий Осиё мамлакатларида илк бор офтальмологик инновацион ўқув-симуляция марказини ташкил этиш имкониятидир.
Ушбу соҳадаги етакчи хорижий офтальмология марказлари билан тажриба алмашиш ва кўпроқ одамларга офтальмология соҳасида тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари ҳам марказнинг алоҳида жиҳатларидандир.
Eyesi by VRMAGIC жарроҳлик симулятори махсус кўз модели, жарроҳлик асбоблари эмуляторлари тўплами, микроскоп эмулятори ҳамда микроскоп ва жарроҳлик тизимини назорат қилувчи оёқ педаллари билан жиҳозланган. VRMAGIC тиббий симуляторларидан фойдаланиш орқали мутахассисларни тайёрлаш сифати ошади, жарроҳлик асоратлари камаяди. Таълим олиш ва кўникмаларни мустаҳкамлашга камроқ вақт ва маблағ сарфланади. Кафедра ёки клиниканинг фаолияти муваффақиятли кечишига салмоқли ҳисса қўшади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги