Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шаҳрисабз халқаро бизнес форумга мезбонлик қилади
2019-08-30 | Иқтисодиёт
Шаҳрисабз шаҳри жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари хорижий инвесторлар билан маҳаллий тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, вилоятнинг инвестиция салоҳиятини тарғиб қилиш ҳамда бизнес учун яратилган шарт-шароитлар ва имтиёзлар билан таништириш мақсадида ўтказилаётган халқаро бизнес форумга мезбонлик қилади.
Унда Россия, Белорусь, Полша, Чехия, Корея, Хитой, Болгария, Туркия ва Қозоғистон давлатларининг ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда бир қатор давлатларнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари иштирок этиши режалаштирилган.
Халқаро бизнес форум мамлакатимизда саноатни жадал ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, туризмни ривожлантириш орқали иқтисодий барқарорликка эришиш, инновацион ишланмаларни амалиётда кенг қўллаш, бу борада хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш ишини мустаҳкамлашга муносиб хизмат қилиши билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Икки кун давом этадиган бизнес форум якунида кўплаб манфаатли шартномалар имзоланиб, инновациялар самарадорлигини кенгайтириш ва ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Манба: ЎзА