Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири «Huawei»нинг Шенчжэндаги илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди
2019-08-30 | Технологиялар
Хитойда ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бугун, 29 август куни «Huawei»нинг Шенчжэндаги илмий-тадқиқот ва ишланмалар маркази (R&D)да бўлди.
Делегация вакиллари учун R&D марказидаги 3300 квадрат метр майдонни эгаллайдиган кўргазма мажмуасида корпоратив мижозлар, саноат вакиллари, экотизим бўйича шериклар ва алоқа операторларининг АКТ ечимлари ва маҳсулотлари намойиш этилди.
Ташриф давомида Абдулла Арипов дунёда «Huawei» компанияси ривожланишининг сўнгги тенденсиялари билан танишди. Компания мутахассислари Бош вазирга «хавфсиз», «ақлли» шаҳар, электрон ҳукумат, электрон соғлиқни сақлаш каби давлатнинг рақамли трансформацияси бўйича булутли хизматлар ва саноат консепсиялари тақдимотини ўтказдилар. Шунингдек, сунъий интеллект технологияларига эга сўнгги туркумдаги чипсетлар асосида ишлайдиган истеъмол сегменти учун мўлжалланган маҳсулотлар ҳам тақдим этилди.
Тадбир доирасида Бош вазир «Huawei» компанияси Кузатув кенгаши раиси Ли Цзе билан музокара ўтказди. Учрашувда томонлар Ўзбекистон Республикасида АКТни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек, иқтисодий ривожланишнинг барча соҳаларига инновацион ечимларни жорий этиш орқали мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилишди.
Кун тартибида Ўзбекистонда АКТ инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, «Хавфсиз шаҳар»ни қуриш соҳасида, солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича, шошилинч хизматлар ва тез тиббий ёрдамга инновацион технологияларни жорий этиш ва ягона тиббий маълумотлар базаларига интеграция қилиш, давлат идоралари учун булутли дата марказларни қуриш соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг «Huawei» компанияси бош офисига ташрифи якунига етгач, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва «Huawei» ўртасида икки томонлама ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланди.
Биринчи келишув «Хавфсиз шаҳар» лойиҳасини Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширишга, жумладан, Ягона диспетчерлик маркази (112), ақлли хариталар ва йўл ҳаракатини интеллектуал бошқариш, автомобилларнинг тўхташ жойлари, жамоат жойларини видеокузатув билан қамраб олиш ва бошқаларга қаратилган.
Иккинчи келишув шошилинч тиббий хизмат фаолиятига замонавий АКТ технологияларини жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилишга қаратилган. Шунингдек, UMS (Universal Mobile Systems) мобил алоқа оператори ва «Huawei» ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тўлиқ қамраб олишни таъминлаш мақсадида операторнинг технологик ускуналарини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.
Маълумот учун:
«Huawei» Ўзбекистонда 19 йилдан кўпроқ вақтдан буён фаолият юритиб келмоқда ва Ўзбекистон АКТ инфратузилмасини қуриш ва модернизация қилишда бевосита иштирок этмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги