Жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида ўтган етти ой якуни бўйича республикамизда 18 минг 23 жиноят рўйхатга олинди. 2018 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 26 минг 57 тани ташкил этган эди. Демак, бу жиноятчилик 30,83 фоизга камайганини кўрсатади.
Профилактика хизматининг жамоатчилик билан ҳамкорлиги мустаҳкамлангани натижасида 9 минг 93 маҳалладан 5 минг 346 тасида ўтган етти ой давомида умуман жиноят содир қилинишига йўл қўйилмади.
Жамоат тартибини таъминлаш кучлари фаолиятини самарали ташкил этиш, тезкор криминоген вазияти мураккаб бўлган ҳудудлар ва одамлар гавжум бўлган майдонлар, истироҳат боғлари, бозорлар, савдо мажмуалари атрофида ўрнатилган буткаларда патруль-пост хизмати нарядларининг узлуксиз хизмати йўлга қўйилди.
Бу содир бўлаётган жиноятларни тезкор аниқлаш имконини бермоқда. Жорий йил 15 июль куни 27 ёшли Салима (ушбу ва кейинги исмлар ўзгартирилган) Тошкент шаҳри Қўйлиқ даҳасидаги кўп қаватли уйда хонадон ойнасини синдириб кириб, 6 турдаги заргарлик буюмлари ва уй эгасининг жамғарган пулини ўғирлаб кетаётганида шу ҳудудда хизмат олиб бораётган патруль-пост хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган.
Тошкент шаҳри ва вилоятларда патруль-пост хизмати ходимлари планшетлар билан таъминланган. Бу уларнинг марказ билан доимий алоқада бўлишига хизмат қилади. Шунингдек, патруль-пост хизмати автомобилларига “JPS” навигаторлари ўрнатилиб, ситуацион марказдан назорат қилиниши ҳам яхши самара бермоқда.
Таъкидлаш жоизки, туристик шаҳарларда эркак ва аёл жуфтлигидаги патруль хизматлари ташкил қилинганини, айниқса, халқаро аэропортларда, темир йўл вокзаллари ва маданий мерос объектларида “Эзгулик патрули” хизмати йўлга қўйилганини нафақат халқимиз, балки чет эллик туристлар ва меҳмонлар ҳам эътироф этмоқда.
Тезкор-қидирув, тергов аппаратлари ва эксперт-криминалистика ходимларининг куну тун олиб борган хизматлари ҳам жиноятчиликнинг олдини олиш ва камайтиришда асосий омиллардандир.
Ички ишлар органлари барча соҳа ходимларининг ҳамкорликда олиб борган ишлари натижасида етти ой якуни бўйича қотиллик 30,32 фоизга, оғир тан жароҳати етказиш 32,01 фоизга, ўғрилик 60,32 фоизга, талончилик 55,71 фоизга, босқинчилик 37,23 фоизга, фирибгарлик 44,86 фоизга камайишига эришилди.
2019 йил 13 май куни Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 17 ёшли 10-синф ўқувчиси Маъмура тилла тақинчоқ сотиб олиш учун Бахринисонинг уйига кириб, у билан тақинчоқлар нархини келишолмаганлиги туфайли уни пичоқ билан бир неча маротаба уриб ўлдириб, воқеа жойидан қочиб кетаётган вақтида ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.
Гиёҳвандликка қарши курашиш ҳам жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Наркотик моддалар ва улар аналогларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш борасида ички ишлар органлари ходимлари томонидан юксак масъулият ва эътибор билан иш олиб борилмоқда. Натижада ўтган 7 ой давомида 1 минг 821 шахс қўлга олиниб, 335 килограмм 751 грамм гиёҳвандлик воситалари далилий ашё сифатида олинди.
Бундан ташқари, жорий йил 1 майдан 30 июнга қадар “Қора дори – 2019“ кенг қамровли тадбирининг биринчи босқичи ўтказилди. Унда республика бўйлаб барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари, улар қаторида 9 мингдан ортиқ ички ишлар органлари ходимлари ҳамда 3,5 мингдан зиёд жамоатчилик, корхона, ташкилот ва ҳокимият вакиллари жалб қилинди. Наркотик моддалар контрабандасининг олдини олиш мақсадида чегараолди ва тоғли ҳудудларда, шунингдек, айланма йўлларда 361 кўчма ҳаракатланувчи постлар ва 303 тўсиқ гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу гуруҳлар ва постларга жами 4 минг 260 техника воситаси ажратилди ҳамда 306 хизмат ити жалб этилди.
Натижада “Қора дори – 2019“ кенг қамровли тадбирининг биринчи босқичида республика бўйича гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 1 минг 48 ҳолат аниқланиб, жами 174 килограмм 987 грамм наркотик моддалар ушлаб қолинди. Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи 33 ёшли Э.Низомбоев Қирғизистон Республикаси Баткент вилоятидан айланма йўллар орқали контрабанда йўли билан 1 килограмм 690 грамм опий гиёҳвандлик моддасини олиб келиб, 2019 йил 6 август куни Қўқон шаҳрида 12 минг долларга сотаётган вақтида қўлга олинди.
Шунингдек, тадбир давомида умумий 2363 квадрат метр ер майдонида таркибида наркотик воситалар мавжуд ўсимликлар етиштирилгани аниқланиб, йўқ қилинди. Шундан 289 ҳолатда 1999 квадрат метр ер майдонда кўкнори, 202 ҳолатда эса 364 квадрат метр майдонда ёввойи тарзда ўсаётган наша ўсимликлари аниқланиб, йўқ қилинди. Ушбу ҳолатлар бўйича ёввойи нашаларни йўқ қилиш чораларини кўрмаган мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
“Қора дори – 2019” кенг қамровли тадбирининг биринчи босқичида вазирликнинг Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан 25 кун мобайнида вертолётда амалга оширилган назоратли учишлар натижасида 84 ҳолат аниқланиб, 348 квадрат метр майдонда таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни етиштириш билан боғлиқ жиноятлар аниқланиб, 9 килограммдан ортиқ наркотик модда ушлаб қолинди.
Ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, видеокузатув воситаларини ўрнатиш орқали криминоген вазиятни тўлиқ назоратга олиш мақсадида ички ишлар бўлимларида “Вазиятлар маркази” ташкил қилиниб, жиноят содир этилиши мумкин бўлган, аҳоли гавжум жойларга замонавий IP-видеокузатув камералари, шахсни юз тузилиши орқали, автомобилларни давлат рақамлари орқали таниш имконини берувчи камералар, шунингдек, таълим муассасаларига овоз ёзувчи камералар ўрнатилиб, “Вазиятлар маркази”да ўрнатилган мониторлар орқали назорат олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар ва фавқулодда ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ҳудудий ички ишлар органларига фуқаролар томонидан зудлик билан етказишларини таъминлаш мақсадида аҳоли гавжум жойларга “SOS” ташвиш тугмалари ўрнатилмоқда.
Самарқанд шаҳрига кириб келаётган хорижий ҳамда маҳаллий туристлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси куч воситаларидан самарали фойдаланиш имкониятини берувчи замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозлаш “Вазият маркази” ташкил қилиниб, Самарқанд шаҳрининг одам гавжум жойларига ва объектларга ўрнатилган 1 минг 597 видеокузатув камераси ушбу марказга уланди.
Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига мобиль планшетлар тарқатилиб, уларга мобиль таржимон дастурлари ўрнатилди. Бугунги кунда ходимлар хизмат давомида ушбу планшетлардан самарали фойдаланиб келмоқда.
Шунингдек, шаҳардаги жами 107 меҳмонхонага “Е-меҳмонхона” дастурий таъминоти ўрнатилиб, тегишли вазирлик ва идоралар маълумотлар базалари билан интеграция қилинган ҳолда барча меҳмонхоналарда тўлиқ ишламоқда.
Президентимиз олиб бораётган инсонпарварлик сиёсати туфайли диний-экстремистик оқимлар таъсирига адашиб тушиб қолган кўплаб фуқаролар ўз ҳаётини янги саҳифадан бошлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили эълон қилинаётган умумафв жараёнида адашган фуқаролар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилиб, оилалари бағрига қайтиб, барча сингари жамиятимиз ривожига ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқда.
Президентимиз 2019 йил 10 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида муқаддам ёт ғоялар таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларга ижтимоий кўмак кўрсатиш юзасидан берган кўрсатмалари асосида бир қатор амалий ишлар олиб борилиб, экстремистик оқимлар сафига адашиб кириб қолган ва махсус рўйхатда турган фуқаролар билан жамоатчилик асосида чуқур ишлаш орқали уларни ҳисобдан чиқариш ташаббуси билан чиқди. Инсонпарварлик тамойилларига асосланган бу хайрли ишлар қисқа фурсатда ўз самарасини бермоқда.
Фуқароларнинг оилавий аҳволини чуқур ўрганиш, адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларни маҳалла ҳамда жамоатчилик ишларига жалб қилиб, фуқаролик масъулиятини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида турли соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди.
Ушбу ишчи гуруҳлар аъзолари жазони ижро этиш муассасаларидан чиқарилган, қидирувда бўлган ва профилактик ҳисобда турган, муқаддам экстремистик оқимлар таъсирига адашиб тушиб қолган барча шахсларнинг яшаш манзилларига бориб, уларнинг ўзи, ота-оналари, яқинлари билан суҳбатлашди. Оилавий аҳволи, уларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан амалий ишлар ташкил қилинди.
Мазкур ишларнинг амалий мисоли сифатида республика бўйича жазони ижро этиш муассасаларидан чиқарилган, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган ва профилактик ҳисобдаги шахсларнинг 13 мингдан ортиқ муаммоси ўрганилиб, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирги кунга қадар аҳолининг энг зарурий эҳтиёжлари бўлмиш 231 уй-жой, 118 уй-жойни таъмирлаш, 992 кредит, 497 ишсизлик, 992 тиббий ёрдам, 607 кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, 288 коммунал (газ, сув, электр) тўловлар қарздорлиги ва 381 шу каби бошқа муаммолар ҳал этилмоқда.
Бундан ташқари, ёш авлодни Ватанимиз тинчлиги ва унинг келажагига дахлдорлик руҳида тарбиялаш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уюшмаган ёшлар, ўқувчи ва талабаларни кенг жалб қилган ҳолда маънавий таҳдидлардан огоҳлик руҳида тарбиялаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкиллаштирилмоқда.
2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 747 минг 747 фуқарога биометрик паспорт тарқатилди. Ҳозирги кунга қадар республикамизнинг 22,5 миллиондан ортиқ аҳолиси ёки 97,2 фоизи биометрик паспорт билан ҳужжатлаштирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 7 ойи давомида Президент фармонларига асосан фуқаролиги бўлмаган 3 минг 674 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди. Етти ой давомида 550 минг 503 фуқарога хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириб берилди.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида навбатдаги Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тезкор-хизмат фаолияти натижалари ҳамда келгусидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли осойишталигини таъминлаш мақсадида қатор ишлар амалга оширилгани натижасида ўтган вақт мобайнида республика бўйича умумий жиноятчилик 30,83 фоизга камайгани қайд этилди.
Эришилган ижобий натижалар билан бирга, айрим ҳудудий ички ишлар органлари томонидан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида камчиликларга йўл қўйилаётганлигига эътибор қаратилди.
Кун тартибига қўйилган кейинги масалада ички ишлар органлари ходимлари хизмат интизомига қатъий амал қилган ҳолда халқ манфаатлари устуворлигини таъминлаш ва фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида ва сифатли жавоб қайтариш кераклиги, шунингдек, ҳар бир раҳбар ходим ўз вазифасига янада масъулият билан қараб, фаолиятини танқидий кўз билан баҳолаши кераклиги алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 28 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ушбу байрамларни ўтказиш даврида республика ҳудудида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалар хусусида ҳам сўз борди. Унда байрам тадбирлари ўтказилаётган ҳудудларда, жамоат жойларида, ташкилот ва корхоналарда турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида мутасадди раҳбарларга барча хавфсизлик чораларини кўришлари юзасидан топшириқлар берилди.
Қ.БУРҲОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Ички
ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва
ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги