Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди
2019-08-26 | Сиёсат
Президентнинг кўрсатмасига мувофиқ Имом Бухорий мажмуасини реконструкция қилиш ва кенгайтириш кўзда тутилган. Симметрик тарзда иккита масжид ва тўртта минора қуриш, йўлдан кириб келишда хиёбон, унинг атрофида кичик меҳмонхоналар ва битта йирик отель, бошқа инфратузилма объектларини бунёд этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари бугун мажмуани зиёрат қилиб, уни реконструкция қилишга оид таклифлар билан танишди.
- Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Масжидлар кенг ва маҳобатли бўлиши лозим. Деворларга саҳиҳ ҳадислардан лавҳлар ёзиб қўйилса, мажмуанинг мазмуни янада бойийди, ёшларга билим, маънавий озуқа беради. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келсаям, қулай шароит бўлиши зарур, - деди Президент.
Шавкат Мирзиёев мажмуа реконструкциясини шошмасдан, чуқур ўйлаб лойиҳалаштириш, хориж тажрибасини ўрганиб, зиёратчиларга янада кўп қулайлик яратиш зарурлигини таъкидлади.
Мажмуадаги ишлар мамлакатимизда илм-маърифатни ривожлантириш, динга эътиқод қилувчиларга эркинлик ва шароит яратиш борасида навбатдаги хайрли қадам бўлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти