Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пойтахтимизда ташкил этилган оммавий саломатлик тадбирларида 10 мингга яқин аҳоли иштирок этди
2019-08-26 | Соғлиқни сақлаш
Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботига алоҳида эътибор қаратилаётир. Президентимизнинг ўтган йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикасини, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб жорий йил март ойидан бошлаб, ҳар ҳафтанинг шанба куни оммавий саломатлик тадбирлари мунтазам равишда уюштириб келинмоқда. Бу эса фуқароларнинг жисмоний фаоллиги даражасини қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзи оммавийлигини оширишда яхши самар бераётир. Натижада, касалликлар билан курашишга эмас, аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасини ошириш ҳамда тизимли профилактикага асосий эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, жорий йил 24 август, шанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ҳамкор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамкорликда Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан “Биз соғлом турмуш тарафдоримиз” шиори остида оммавий юриш ҳамда “Саломатлик стартлари” тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.
Биргина пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбирларда 10 мингга яқин турли соҳа вакиллари, кенг жамоатчилик “Халқлар дўстлиги” саройидан Ислом Каримов кўчаси бўйлаб, то Миллий олимпия қўмитасигача бўлган масофада ташкил этилган фаол юришда иштирок этишди. Сўнгра Пахтакор стадионида “Саломатлик стартлари” тадбирлари, таниқли санъаткорлик иштирокида концерт дастурлари ташкил этилди.
Дарҳақиқат, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, тараққиёт туфайли инсоният ҳаёт тарзида камҳаракатлиликка одатланаётгани кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларга сабаб бўлмоқда. Дунё миқёсида қайд этилаётган ўлим ҳолатининг ҳар тўртдан бирига айнан шу муаммо сабаб бўлмоқда. Масалан, сут бези ва йўғон ичак саратони, қандли диабет, юрак ишемик касалликлари юзага келишининг 25-30 фоизига ана шу омил жиддий туртки бўлади.
Бундай муаммонинг олдини олиш ҳар бир инсоннинг ўз қўлида. Тўғри, бугунги тиғиз иш куни соатлаб спорт машғулотлари бажаришга имкон бермаслиги мумкин. Бироқ, ҳеч бўлмаганда кунда-кунора 20-30 дақиқалик жисмоний машқлар бажариш, кунига 1-2 километр пиёда юриш учун ҳаммада имкон топилади. Шифокорларнинг айтишича, ана шу озгина ҳаракат ҳам организмни кислородга тўйинтириш, модда алмашинувини яхшилашда ижобий натижа беради. Бундай кун тартибига одатланган инсон хафақон, инфаркт, инсульт, саратон каби оғир касалликлардан ўзини ҳимоялайди. Шундай экан ҳар қандай ҳолатда жисмоний фаолликка вақт ажратиб туришни унутмайлик.
Энг улуғ, энг азиз айём арафасида бўлиб ўтган кенг миқёсли оммавий саломатлик тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларимиз марказларида ҳам минглаб аҳоли иштирокида турли маданий тадбирлар билан ҳамоҳанг тарзда ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги