Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида
2019-08-23 | Ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Республикада иқтисодиёт барқарор ўсишини таъминлашга ва аҳолининг фаровонлик даражасини оширишга, ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талаб-эҳтиёжни узлуксиз қаноатлантиришга қаратилган нефть-газ, электр энергетика, кўмир, кимё, қурилиш индустриясини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ёқилғи-энергетика тармоғининг мавжуд қувватлари энергия ресурсларига ортиб бораётган талаб-эҳтиёжни тўлиқ даражада таъминламаяпти, мамлакатимиз иқтисодиётининг энергия сарфи ҳажми ривожланган мамлакатларнинг ўртача кўрсаткичидан анча юқоридир.
Ҳозирги вақтда асосан гидроэлектростанциялар ишлаб чиқараётган қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасига мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси умумий ҳажмининг атиги ўн фоизи тўғри келмоқда. Ниҳоятда катта салоҳият мавжуд бўлишига қарамасдан, қуёш ва шамол сингари қайта тикланувчи энергия манбаларининг имкониятларидан тўлиқ даражада фойдаланилмаяпти.
Шу муносабат билан, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш давлат сиёсатининг ҳозирги босқичдаги долзарб йўналишларидан бири бўлиб қолиши лозим.
Илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, мавжуд ресурсларни ва ишга солинмаган салоҳиятни жалб этиш орқали энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия сарфи ҳажмини кескин камайтириш борасидаги ишларни комплекс ташкил этиш, шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки:
а) Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунидақайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги имтиёз ва преференциялар, шу жумладан, қуйидагилар:
қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчилардавлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан беш йил муддатга солиқнинг барча турларини тўлашдан;
қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (номинал қуввати 0,1 МВт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун улар фойдаланишга топширилган пайтдан эътиборан ўн йил муддатга мол-мулк солиғиниҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан;
ишлаб турган энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғини тўлашдан озод этилиши назарда тутилган;
давлат органлари ва муассасаларининг бино ва иншоотлари, шунингдек, кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, қуриш ва фойдаланишга топширишда уларда энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилганлиги юзасидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги текширилади;
якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари, барча бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда, иссиқ сув таъминоти учун сертификатланган қуёш сув иситкич қурилмаларини, шунингдек, энергия тежамкор лампаларни мажбурий тартибда ўрнатиш кўзда тутилади.
2. Энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича вазирлик ва идораларнинг, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа корхоналари ва ташкилотларининг иши қониқарсиз деб топилсин.
3. Маъмурий биноларда, аҳоли пунктларида ва ишлаб чиқариш объектларида энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари шахсан жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳамда қуйидагиларни назарда тутувчи 2019-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш комплекс дастури (кейинги ўринларда – Комплекс дастур) маъқуллансин:
а) қуйидагиларни:
қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантиришнинг мақсадли параметрларини 1-иловага мувофиқ тасдиқлаш, уларнинг улушини 2030 йилга бориб электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш;
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини янада ошириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни 2-иловага мувофиқ тасдиқлаш;
б) минтақаларда ижтимоий соҳа объектларини (таълим муассасалари, шу жумладан, мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш объектларини) энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек:
иссиқ сув ва электр энергияси билан таъминлаш учун замонавий қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситкичларини (марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимларига уланган объектлар бундан мустасно), шунингдек, энергия самарадор, шу жумладан, бивалент иситиш тизимларини босқичма-босқич ўрнатиш, хусусан, замонавий иссиқлик насослари ва рекуператорларини жорий этиш;
биноларнинг иссиқлик ҳимоя тизимини яхшилаш, икки камерали ва энергия самарадор дераза блокларини, светодиодли манбаларни ўз ичига олган сенсорли датчиклар, шунингдек, ҳаво рекуператорлари ва бошқа тизимларни ўрнатиш ҳисобига Нукус шаҳрида, вилоят марказларида ва вилоятларнинг шаҳарларида энергия истеъмолини камайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
в) хусусий хонадонларда қуёш фотоэлектрик станциялари (ўртача 2 кВт) ва қуёш сув иситкичларини(ўртача 200 литр) ўрнатиш;
г) маиший истеъмолчиларнинг, шунингдек, юридик шахсларнинг ностандарт газ-горелкали қурилмаларини замонавий ва энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларга алмаштириш;
д) Қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситиш қурилмалари билан жиҳозлаш тавсия этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг маъмурий бинолари ва инфратузилма объектлари рўйхатини 3-иловага мувофиқ тасдиқлаш.
5. Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзларига тегишли маблағлари, шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг имтиёзли кредит ресурслари, хорижий донорларнинг техник кўмаги маблағлари (грантлари) Комплекс дастурнинг чора-тадбирларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Комплекс дастурни амалга оширишга кредит ресурсларини ва техник кўмак маблағлари (грантларни) жалб этиш мақсадида халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва хорижий донорлар билан музокаралар олиб борсин.
6. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ 2020 йил 1 январдан қуйидаги тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар йили тасдиқланадиган параметрлар доирасидамолиялаштирилади:
а) жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ:
қуёш фотоэлектрик станциялари учун – 3 миллион сўмдан;
қуёш сув иситкичлар учун – 1,5 миллион сўмдан;
газ-горелкали қурилмалар учун – 200 минг сўмданошмайдиган миқдорда компенсациялар тақдим этиш;
б) жисмоний ва юридик шахсларга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилишга тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплашга қуйидаги компенсацияларни тақдим этиш:
жисмоний шахсларга – 500 миллион сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 8 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда;
юридик шахсларга – 5 миллиард сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича – Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган миқдорда;
в) энергия самарадор, энергия тежовчи технологиялар ва ускуналарга, шунингдек, уларни синаш методларига нисбатан талабларни ўрнатадиган халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Энергетика вазирлиги икки ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш механизмини белгиласин.
7. Белгилансинки, ҳар йили:
15 сентябрга қадар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар келгуси йилда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор ва энергия тежовчи бошқа ускуналар билан жиҳозланиши, шунингдек, иссиқлик ҳимоясини яхшилаш бўйича ишларни амалга ошириш лозим бўлган объектлар рўйхати (кейинги ўринларда – Рўйхат)гакиритиш учун Энергетика вазирлигига таклифлар киритади;
15 октябрга қадар Энергия самарадорлигини ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссияси Рўйхатни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
Рўйхатда назарда тутилган молиявий маблағларнинг ҳажми Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг ҳар йили тасдиқланадиган Давлат бюджети параметрларига киритилади.
8. Белгилансинки, 2020 йил 1 январдан бошлаб:
қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ биноларнинг энергия самарадорлигини таъминлаш;
лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда қурилиш нормалари ва қоидаларининг талабларини инобатга олган ҳолда бинолар ва иншоотлар энергия самарадорлиги кўрсаткичлари бўлимини тақдим этиш мажбурий тартибда назарда тутилади;
б) давлат органлари ва ташкилотлари ўз балансидаги бинолар ва иншоотларда ёритиш тизимлари учун светодиодли манбаларни ўз ичига олган сенсорли датчиклар, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни ўрнатишга мажбурдир;
в) маҳсулот (ускуналар, товарлар) ва технологияларнингэнергия самарадорлиги даражаси ёки техник кўрсаткичларини белгилаш уларни Ўзбекистон Республикасининг аккредитация қилинган органлари томонидан сертификатлаштиришда мажбурий ҳисобланади.
Қурилиш вазирлиги Энергетика вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда 2019 йил 1 ноябрга қадар:
янгидан қурилаётган ва реконструкция қилинаётган бино ҳамда иншоотларнинг энергия самарадорлигига нисбатан талабларни тубдан ошириш мақсадида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қайта кўриб чиқсин;
бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги даражасини (А, Б, В ва бошқа даражалар) белгилаш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
9. “Ўзстандарт” агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлигининг 6-иловадаги рўйхат бўйича мамлакатимиз корхоналарида энергетика менежментини бошқариш тизимини халқаро стандартга (ISO 50001) мувофиқ 2019 йил 1 декабрдан 2023 йил 1 январга қадар босқичма-босқич татбиқ этиш тўғрисидагитаклифига розилик берилсин, мазкур тизимда қуйидагилар назарда тутилади:
энергия истеъмоли самарадорлигини баҳолашнинг шаффофлиги ва холислиги, корхоналарнинг энергия сарфи ҳажмини пасайтириш, шунингдек, атмосферага чиқариб ташланадиган чиқиндиларни камайтириш;
ресурсларни, биринчи навбатда молиявий маблағларни минимал даражада сарфлаб энергия истеъмолини бошқариш самарадорлигига эришиш, корхоналар активларининг капиталлашув даражасини ошириш;
ишлаб чиқарилаётган маҳсулот, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш.
10. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Ўзстандарт” агентлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
бир ой муддатда энергия самарадор, энергия тежовчи технология ва ускуналарга нисбатан талабларни ўрнатувчи стандартлаштириш бўйича амалдаги норматив ҳужжатларни хатловдан ўтказсин;
икки ой муддатда 2019-2020 йиллар энергия самарадор, энергия тежовчи технологиялар, ускуналар ва уларни синаш методларига нисбатан талаблар ўрнатувчи зарур халқаро стандартларни қабул қилиш тармоқ графигини тасдиқласин;
икки ой муддатда 2020 йил 1 августга қадар энергия сарфловчи ускуналарни энергия самарадор ва энергияни тежаш кўрсаткичларига мувофиқлигини синовдан ўтказувчи замонавий лабораториялар ташкил қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
11. 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб илгари фойдаланилган генератор ускуналари, кучланишни пасайтирувчи трансформаторлар, электр двигателлар, шунингдек, энергия самарадорлиги D тоифадаги энергия сарфловчи ускуналарни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқлансин.
Белгилансинки, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари учун электр техника ускуналари ва қурилмаларини, шунингдек, бутловчи буюмлар ва материалларни харид қилиш “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан марказлаштирилган тартибда амалга оширилади.
12. Қуйидагилар:
Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича республика комиссиясининг (кейинги ўринларда – Республикаси комиссияси) янгиланган таркиби 5-иловага мувофиқ;
энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссияларнинг намунавий таркиби 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Республика комиссияси (А.Н.Арипов):
2019 йил 15 октябрга қадар энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика манбаларини тежаш кўрсаткичларини аниқлаш методикасини тасдиқласин;
2019 йил 20 октябрга қадар келгусида энергия самарадорлигини баҳолаш ва ёқилғи-энергетика манбаларини тежаш мақсадида энергия сарфи ҳажми катта бўлган корхоналар кесимида иқтисодиёт тармоқлари рўйхатини шакллантирсин;
2019 йил 20 декабрга қадар 2020-2022 йилларда камида 2,4 миллиард кВт/соат электр энергияси, 2,4 миллиард метр куб табиий газ ва 20 минг тонна нефть маҳсулотларини тежашни назарда тутувчи иқтисодиёт тармоқлари бўйича энергия самарадорлигини ошириш ва ёқилғи-энергетика манбаларини тежаш мақсадли кўрсаткичларини тасдиқласин;
зарур ҳолларда Комплекс дастур параметрларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин;
мазкур қарорда белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишларни самарали ташкил этсин ва мувофиқлаштирсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Республика комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқласин.
13. Белгилансинки:
а) Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги:
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини оширишни таъминлаш, мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча тоифадаги истеъмолчиларда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, шунингдек, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш соҳасидагилойиҳаларни мувофиқлаштириш ва бошқариш,шунингдек, уларни амалга ошириш даврида мониторинг ва ҳисоботларни юритиш учун масъул бўлган ижро этувчи орган сифатида иштирок этади;
Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади;
Қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича халқаро агентликда (IRENA) Ўзбекистон Республикасининг миллий мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланади;
б) қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ва дастурлари Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан келишилиши шарт.
14. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, иқтисодиётнинг энергия сарфи ҳажмини пасайтириш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, шунингдек, энергия тежовчи илғор технологиялар фаол жорий этилишини рағбатлантириш;
энергия самарадорлигини ошириш мақсадида, шу жумладан, илмий-тадқиқот ишларини ташкиллаштириш ва ўтказиш орқали инвестиция лойиҳалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
давлат органлари ва ташкилотларида, иқтисодиёт тармоқлари ташкилотларининг ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий энергия самарадор ва энергия тежовчи технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек, энергия ресурсларини сарфлаш самарадорлиги мониторингини амалга ошириш;
халқаро тажрибани ҳисобга олиб ва зарур бўлганда, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда энергетика аудити соҳасидаги мутахассислар ва энергетика хизматларини етказиб берувчилар малакасини ошириш учун тренингларни ташкиллаштириш;
энергия аудиторлари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаш, ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари мажбурий энергетик текширувдан ўтказилиши ва тегишли тавсиялар бажарилишининг мониторингини, шунингдек, энергия сервис компаниялари фаолияти мониторингини амалга ошириш;
идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар юридик шахсларга нисбатан ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарасиз фойдаланганлик учун иқтисодий жазо чораларини қўллаш.
15. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигинингмарказий аппарати тузилмасида Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлик ва энергия тежамкорлик бўйича департамент ташкил қилинсин.
Ташкил этилаётган бўлинмани тўлдириш мақсадида Энергетика вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 10 нафар бошқарув ходимларидан иборат қўшимча штат бирликлари қуйидагилар ҳисобидан ажратилсин:
2 та бирлик – Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда – Ўзнефтгазинспекция) ҳудудий бўлинмаларининг тегишли штат сонини қисқартириш ҳисобига;
3 та бирлик – Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси (кейинги ўринларда – Ўзэнергоинспекция) ҳудудий бўлинмаларининг тегишли штат сонини қисқартириш ҳисобига;
5 та бирлик – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳудудий бўлинмаларининг тегишли штат сонини қисқартириш ҳисобига.
16. Энергетика вазирлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Ўзэнергоинспекция ва Ўзнефтгазинспекциянинг тақдимномаларини бажармаганлик, шунингдек, мажбурий энергетик текширувлар ва экспертизалар ўтказмаганлик учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва тармоқ корхоналари билан биргаликда 2020 йилнинг охирига қадар реактив қувватни тикловчи қурилмалар (конденсатор батареялари), реле ҳимояси микропроцессор блоклари, частотали ўзгартиргичлар, бир текис ишга тушириш қурилмалари ҳамда энергия тежовчи бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш чораларини кўрсин.
18. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги бир ҳафта муддатда қуёш сув иситкичлари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ҳамда энергия тежовчи бошқа турдаги ускуналарнинг афзалликларини, шу жумладан, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, ускуналарнинг қиймати ва истеъмолчиларнинг маблағлари тежалиши тўғрисидаги маълумотларни аҳоли ўртасида кенг ёритиш бўйича медиа-режани тасдиқласин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 7-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
20. Энергетика вазирлиги икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
21. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Ғуломов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2019 йил 22 август
Манба: ЎзА