Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мамлакатимизда немис, француз, испан, корейс ва хитой тилларига ихтисослаштирилган 39 та давлат мактаблари ташкил этилади

2019-08-22 | Таълим

Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида немис, француз, испан, корейс ва хитой тилларига ихтисослаштирилган 39 та давлат умумтаълим муассасалари ташкил этилади. Мазкур муассасаларнинг ташкил этилиши жорий йилнинг 21 август куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.

Қарорда ихтисослаштирилган мактабларнинг асосий вазифаси этиб давлат таълим стандартлари асосида, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда немис, француз, испан ва япон тилларининг чуқур ўргатилиши белгиланган.

Мазкур мактабларда немис, француз, испан ва япон тилларини ўрганишда ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиши учун шарт-шароитлар яратилади.Ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиниб, тилларни чуқур ўрганишлари учун давлат таълим стандартларидан ташқари қўшимча машғулотлар ташкил этилади.

Муассасаларга немис, француз, испан ва япон тилларидан маҳоратли ўқитувчиларни жалб этган ҳолда таълим сифатини оширишга эришиш лозим.

Ўқувчиларнинг иқтидори ва истеъдодини аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича уларни миллий ва халқаро фан олимпиадалари, кўрик-танлов ва бошқа тадбирларда муносиб иштирок этишга тайёрлаш янги ташкил этилаётган мактабларнинг вазифаларига киради.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар немис, француз, испан ва япон тили фанларига ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг ўқув режасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Германиянинг Клетт нашриёти томонидан ишлаб чиқилган немис тили дарсликлари мажмуасининг халқ таълими тизимида 2018–2019 ўқув йилида тажриба-синовидан ўтказилганлиги инобатга олиниб, умумтаълим муассасаларига мазкур дарсликларни харид қилиш бўйича лойиҳа таклифларини ишлаб чиқилади. Шунингдек, халқаро грантлар, чет эл инвесторлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манба маблағларини жалб қилиш чоралари кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 5 апрелдаги 281-сон қарори талабларига мувофиқ ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида немис, француз, испан ва япон тиллари бўйича муқобил дарсликлардан фойдаланиш босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.

Қарорга кўра, ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига япон тили бўйича педагогларни жалб қилиш, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида япон тили фани ўқитувчиларига ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига нисбатан лавозим маошларига эллик фоизгача миқдорда қўшимча ойлик тўлаш тизими жорий этилади.

Япон тили фани ўқитувчиларининг ойлик маошлари билан боғлиқ қўшимча харажатлар халқ таълими муассасаларининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан, зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Қарорда таъкидланишича, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ёрдамида 2020–2021 ўқув йилидан бошлаб немис, француз, испан ва япон тили ўқитувчиларини хорижий мамлакатларга малака оширишга юборилади.

2020–2021 ўқув йилидан бошлаб, хорижий тилларга ихтисослаштирилган (немис, француз ва япон тилларидан ташқари) давлат умумтаълим муассасаларида ота-оналар ва ўқувчиларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, немис, француз, испан ёки япон тили иккинчи тил сифатида жорий этилади.

Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари ва ўқитиш методикасини сингдириш мақсадида ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига хорижий мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишга қабул қилишга рухсат берилади.

Шу билан бирга, ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг 11-синф битирувчиларига халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан биргаликда ўтказилган танловлар натижаларига кўра немис тилини хорижий тил сифатида билиш даражаси бўйича Германиянинг Test DAF (Test Deutsch als Fremdsprache), француз тилидан халқаро имтиҳон натижалари бўйича Франциянинг Test DELF (Diplome dʼÉtudes en Langue Française – француз тилини ўрганганлиги тўғрисида) ва DALF (Diplome Approfondi de Langue Française – француз тилини чуқур ўрганганлиги тўғрисида) дипломларини, Japanese Language Proficiency Test Certificate (JLPT Certificate – япон тилини чуқур ўрганганлиги тўғрисида) сертификати бериш амалиёти жорий этилади.

Олий таълим муассасаларининг хорижий филология йўналишларини тамомлаган мутахассисларни 2020–2021 ўқув йили давомида немис, француз, испан ва япон тили мутахассислиги бўйича, истисно тариқасида, бепул қайта тайёрлаш амалга оширилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Поделиться