Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маданий мерос ҳафталиги: Нима? Қаерда? Қачон?
2019-08-22 | Маданият
21 август куни Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мавзусидаги мерос ҳафталиги (22 – 27 август) олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этиш бўйича бутунжаҳон жамияти Илмий кенгаши аъзоси Фредерик Старр, Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг раиси, “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳаси координатори Фирдавс Абдухолиқов ва бошқа спикерлар маданий ҳафталикнинг асосий воқеалари ҳақида сўз юритишди.
“Биз сиз билан ажойиб ҳодисанинг гувоҳи бўляпмиз, дунёнинг кўплаб мамлакатларидан юқори даражали меҳмонлар, олимлар ва оммавий ахборот воситалари Ўзбекистоннинг маданий меросига қизиқиш билдириб, юртимизга ташриф буюришмоқда.
Аҳамиятлиси, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович маданий меросни сақлаш масаласига катта эътибор қаратиб, ушбу йирик тадбирга тайёргарликнинг барча босқичларини шахсан ўзлари назоратга олдилар, Бош вазиримиз зарурат туғилганда жойларга бориб, тайёргарлик ишларини кўздан кечирдилар.
Тадбирга шунингдек ЮНЕСКО бош директори Одри Озуле хонимнинг ташрифи кутилмоқда. Маданий мерос ҳафталиги доирасидаги бири-биридан қизиқ тадбирлар нафақат Марказий Осиё, балки бутун Евроосиё қитъаси учун муҳим аҳамият касб этади”, - деди Бош вазир ўринбосари. Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Маданий мерос ҳафталиги доирасида мулоқот учун очиқ ва ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади. Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухолиқовнинг сўзларига кўра, Маданий мерос ҳафталиги доирасида 13 янги китоб, 8 муҳокамалар доираси, 4 халқаро конференция, 5 янги фильм, 3 эксклюзив кўргазма, 30 та тўлдирилган реаллик эффектига эга китоб, 10 дан ортиқ лойиҳа тақдимоти ўтказилиши кутилмоқда.
22 август куни Тошкентда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг III халқаро конгресси иш бошлайди. Конгрессда Ўзбекистон маданий меросининг дунё тўпламларида сақланаётган меросига бағишланган янги 20 жилдли китоб-альбом тақдимоти ўтказилади. Мазкур китобларни яратишда Ўзбекистон, Франция, Буюк Британия, Польша, Чехия, Япония сингари давлатлардан етакчи мутахассислари иштирок этади.
23 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги номидан “Тошкент – Шарқ юлдузи” номли тантанали қабул маросими уюштирилади.
24 август куни Ҳафталик иштирокчилари Термизга жўнаб кетишади ва у ерда жаҳон тарихини ўрганишдаги муҳим воқеаларга шоҳид бўлишади. Бу ерда илк бор ўтказилаётган “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳаси” археологик конференциясида бутун дунёдан келган таниқли шарқшуносларнинг шов-шувли маърузаларини тинглашади.
Дастурнинг энг муҳим воқеаси – академик Эдвар Ртвеладзе раҳбарлигида Кампиртепада олиб борилган тадқиқотлар меваси – Оксиана Искандарияси билан танишув бўлади. Шундан сўнг меҳмонлар Сурхондарё вилояти ҳудудидаги қадимги шаҳарчалар, қазишма ҳудудлари ва тарихий ёлгорликларга саёҳат қилишади. Улар милодий I-III асрларга мансуб Фаёзтепа будда ибодатхонаси мажмуаси, шунингдек Термиз Археология музейида бўлишади.
Шу билан бирга, 24 августда Ҳафталик иштирокчиларининг бир қисми қадимий Бухорога йўл олишади ва шаҳарнинг обидалари билан танишишади. Қолганлар 25 август куни махсус рейс билан Самарқандга парвоз қилиб, Маданий мерос ҳафталигининг кейинги тадбирларида қатнашишади. Улар учун “Ўзбекистон обидалари нима ҳақида сукут сақлайди?” мавзусидаги ўзига хос экскурсия ташкил қилинади.
Бу буюк олимлар ва ҳукмдорларнинг асрлар қаъридан йўллаган номалари билан ўзига хос танишув бўлади. Дунё олимлари Самарқанд обидаларидаги битикларда таълим, маърифат, тинчлик ва бунёдкорлик ҳақидаги даъватлардан хабар топишади, бундай экскурсия аввал уюштирилмаган.
26 август куни Самарқандда ЮНЕСКО шафелигида ўтадиган халқаро конференцияда дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатидан 200 дан зиёд олим иштирок этади. "Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси" мавзусида ўтказиладиган халқаро конференцияга 300 дан ортиқ шарқшунос олимлар, ЮНЕСКО экспертлари, халқаро ОАВ вакиллари таклиф этилган.
Шунингдек, Самарқандда “Асрлар қаъридан таралган нур” номли исломшуномс олимлар иштирокида халқаро конференция ҳам бўлиб ўтади. Тадбир доирасида “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” туркумидаги китоб-альбомларнинг Хоразм ва Бухоро вилоятлари обидаларига бағишланган навбатдаги жилдлари (14 ва 15-жилдлар) тақдимоти ҳамда BBC ўзбек хизмати ва ЎзЭОАВМА ҳамкорлигида суратга олинган “Катта лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар” китобининг тақдимоти ўтказилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Респубикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қурилган Имом Бухорий илмий тадқиқот марказига ташриф ҳам кўзда тутилган.
Самарқанддаги тадбирларнинг энг эсда қоларлиси “Самарқанд – Буюк ипак йўли юраги” номли ёрқин фестивали бўлиши кутилмоқда. Фестиваль Амир Темурнинг етти боғидан бирининг шакл-шамойили асосида тикланган, худди шу куни тантанали очилиш маросими ўтказиладиган “Боғи шамол” боғида бўлиб ўтади. Турли халқларнинг миллий либосларини кийган тадбир қатнашчилари ўзларини худди вақт машинасида кетаётгандек, ўрта асрлар муҳитига, машҳур Самарқанд бозорига тушиб қолгандек ҳис қилишади. Ҳафталик анъанавий “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалининг Регистон майдонидаги очилиш маросими билан якунига етади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги