Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда

2019-08-16 | Жамият

Мамлакатимизда ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилмоқда.

Бунда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта ташаббус муҳим асос бўлмоқда. Маълумки, бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларига қаратилган. Бу борада республикамизда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

– Сирдарё вилоятида “Ўзпахтасаноат” АЖ ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан хотин-қизлар учун енгил конструкциявий тикув цехларини қуриш ва уларни иш билан таъминлаш белгиланган эди, – деди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Гуллола Исоқова. – Дастлаб вилоятда 4 мингдан ортиқ хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилди. Сўнгра хотин-қизлар жойлардаги коллежларда икки ойлик тикув курсларида ўқитилди. Улар ўқиш давомида стипендия билан таъминланди. Бу вақтда бир нечта тикув цехлари ишга туширилди. Масалан, Ховосда 300 нафардан ортиқ аёлнинг бандлиги таъминланди. Бугунги кунда Сирдарё вилоятида ўқувлар давом эттирилмоқда.
Тошкент вилояти Бўка туманида йил давомида жами 8 та тикув цехини қуриш режалаштирилган. Бу туманда ҳам маҳаллаларда уйма-уй юриш орқали цехларда ишлаш истагини билдирган 1930 дан ортиқ хотин-қиз аниқланди.

Манзилли рўйхати шакллантирилган хотин-қизлар учун тумандаги иккита коллежда ўқувлар ўтказилмоқда. Дастлаб Бўстон маҳалласида биринчи тикув цехи фаолияти йўлга қўйилди, у ерда 73 нафар аёл иш билан таъминланди. Жорий йилнинг май ойи якунига кўра 1312 нафар, йил охирига қадар яна 500 дан ортиқ хотин-қиз иш билан таъминланиши режалаштирилган. Бу туманда ҳам аёллар ўқувларга жалб қилинган.

– Бешта муҳим ташаббус доирасида Бўстон маҳалласида хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида 150 иш ўрнига мўлжалланган тикув цехи қурилиб, унда биз каби уй бекалари ишлаши мумкинлиги айтилди, – деди “Maxmash” тикув цехи масъул ходими Фароғат Жуманазарова. – Аввалига икки ой тумандаги коллежда соҳа бўйича ўқув курсига бордик. Цехда иш икки сменада ташкил этилиб, шу маҳалладаги 300 хотин-қиз иш билан таъминланди. Бугунги кунда цехнинг тикув трикотаж маҳсулотлари хорижга экспорт қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Тошкент вилояти Бўка туманида Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази очилди. Бу марказда нафақат тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган аёллар, балки туғруқ таътили давридаги ишсизлар ҳам қайта ўқитилиб, уларга сертификатлар берилди. Марказда ўқиган барча аёлларга имтиёзли кредит олиш учун йўлланмалар берилмоқда.

Қўмита ташаббуси билан “Бўстон” МФЙга банк вакиллари жалб қилиниб, ўша жойнинг ўзида хотин-қизлар имтиёзли кредит олиши учун йўналтирилди.

– Давлатимиз томонидан берилган имкониятдан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятимни бошладим, – деди тадбиркор Бибигул Абдужабборова. – Банкнинг 30 миллион сўм кредитига тўрт бош қорамол олдим. Сўнг яна 6 миллион сўм олиб, қуёнчилик фаолиятимни йўлга қўйдим. Бундан ташқари, Бўка туманидаги “Қўчқор ота” зиёратгоҳини қайта тиклаш ҳаракатидамиз. Илгари зиёратгоҳ ҳудудидан булоқ чиққан ва ҳозирги вақтда қуриб қолган. Тегишли ташкилотлардан ёрдам бўлса, мақсадимизга тезроқ етган бўлардик.
“Ўзпахтасаноат” АЖ 2019-2021 йиллар мобайнида республика бўйича 270 дан ортиқ тикув-трикотаж корхонасини ишга туширишни режалаштирган. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳудудларда уйма-уй юриб, тикув цехларида ишлаш истагини билдирган 24 минг 260 дан ортиқ аёлнинг манзилли рўйхатини тузди ва улар малака тоифаларига ажратилди. Тикувчилик соҳасида малакаси йўқ хотин-қизлар учун мамлакатимиздаги 110 та коллежда ўқувлар амалга оширилмоқда.

Бешинчи ташаббус фақатгина хотин-қизларни тикувчилик цеҳларида иш билан таъминлашдан иборат эмас. Уларни ҳудудлардаги Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида бугунги кунда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларда ўқитиш режалаштирилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими вазирликлари, Хотин-қизлар қўмитаси, ҳокимликлар билан биргаликда умумтаълим мактаблардаги ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, касбга йўналтирилган тўгараклар ташкил этилмоқда. Бу фаолият “Қизларжон” клублари орқали йўлга қўйилган. Энг олис, тоғли ҳудудлардаги аёллар учун ҳам касбга йўналтирувчи ўқувлар ташкил этилади. Бунинг учун вилоятлардаги Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари сайёр ўқувларни амалга оширади.

 

Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться