Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вакилларимиз марказий осиёда тенгсиз
2019-08-15 | Жамият
Касбий ва жанговар тайёргарлик ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолиятида муҳим ўрин тутади. Шу боисдан осойишталик посбонларининг ҳар томонлама тайёргарлигини юксалтириш, касбий маҳорати ва малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу – юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлашдан ташқари, нуфузли мусобақаларда мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишга ҳам замин яратмоқда.
Шу йилнинг 5–10 август кунлари Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳрида Марказий Осиё давлатлари Ички ишлар вазирликлари махсус вазифаларни бажарувчи бўлинмалари ходимлари иштирокида ҳамкорликдаги ўқув-услубий йиғинлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон Республикалари ИИВ вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отрядлари ходимларидан иборат терма жамоа аъзолари ушбу йиғинларда муваффақиятли иштирок этди.
– Тадбирлар давомида ҳамкорликда махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилиб, уюшган жиноятчилик ҳамда терроризмнинг ҳар хил кўринишларига қарши курашишнинг илғор тажрибалари ва замонавий услублари ўрганилди, ўзаро тажриба алмашилди, – дейди ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник С. Абдуқодиров. – Ташриф давомида Қозоғистон Республикаси ИИВ Махсус ўқув маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, у ерда барпо этилган замонавий иншоотлар, тренажёрлар ҳамда яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдик. Ўқув-услубий йиғинлар дастуридан ўрин олган кўпкурашнинг махсус бўлинмалар ўртасида офицерни қутқариш, турли шароитларда ўқотар қуроллардан амалий ўқ отиш, бино ва автотранспортларни ишғол қилиш, ўқотар қуроллардан тўсиқлар оша ўтиб ўқ отиш, белгилар орқали жиноятчини аниқлаб, қўлга олиш турлари бўйича мусобақалар ўтказилди. Унда биринчи марта иштирок этган терма жамоамиз аъзолари юксак маҳоратларини намойиш қилиб, мусобақанинг бешта тури бўйича ҳам юқори натижаларга эришди ва фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Таъкидлаш жоизки, вазирлик раҳбарияти мусобақага жиддий тайёргарлик кўришимиз учун барча зарур шароитларни яратиб берди. Терма жамоамиз аъзолари ўртасида аҳиллик ва бирдамлик, бир-бирини тушуниб, мусобақаларга тайёрланиш жараёнида ўзига бўлган ишончнинг ошишида ИИВ МОМБ махсус тайёргарлик ўқув маркази катта инструктор-ўқитувчиси, подполковник Абдумалик Ҳожимуҳаммедовнинг ҳиссаси катта бўлди. Бундай юксак натижа келгусида ходимларда ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш, она Ватанга садоқат билан хизмат қилиб, халқаро миқёсдаги мусобақаларда муносиб иштирок этишга бўлган ғайрат-шижоатни юксалтиришда ўзига хос аҳамият касб этади.
Тақдирлаш маросимида Марказий Осиё давлатлари Ички ишлар вазирлари иштирок этди. Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан ғолиб терма жамоамизга фахрий ёрлиқ, кубок ва эсдалик совғалари топширилди. Бундан ташқари, ИИВ Махсус операцияларни мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник С. Абдуқодиров Қозоғистон Республикаси ИИВнинг I даражали, ИИВ МОМБ махсус тайёргарлик ўқув маркази катта инструктор-ўқитувчиси, подполковник А. Ҳожимуҳаммедов ва Тошкент шаҳар ИИББ ТВБСО катта мутахассиси, катта сержант К. Тўхтамуратовлар эса II даражали «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони билан тақдирланди. Тошкент вилояти ИИББ ТВБСО катта мутахассиси, катта сержант З. Аллаберганов эса «Энг яхши мерган» номинацияси ғолиби бўлди.
Тантанали маросимда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П. Бобожонов терма жамоамиз аъзоларини эришган юксак натижалари билан самимий табриклади ҳамда мамлакатимиз ички ишлар органларининг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, жонажон юртимиз тинчлик-осойишталигини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли хизмат фаолиятларига муваффақият тилади.
Ғолиблар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ИИВ Алоҳида намунавий кўргазмали оркестри садолари остида тантанали кутиб олинди.
Шерзод АБДУСАМАДОВ,
«Postda» мухбири.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги