Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Фарғонада 9 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 1 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда

2019-08-14 | Иқтисодиёт

Фарғона вилоятида бугунги кунда 9 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилган бўлиб, улар томонидан 1 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда тажриба тариқасида жорий қилинган пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлашнинг замонавий шакли – кластер тизими ўзининг ижобий самарасини беришни бошлади. Яъни пахта етиштирувчи ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи субъектлар ўртасида яқин ҳамкорлик ва кооперация алоқалари босқичма-босқич йўлга қўйилиб, уларнинг ўз меҳнатидан манфаатдорлиги ошмоқда.

Ўтган йилда Фарғона вилояти Риштон туманида “Rus -Oʻzbek teks” масъулияти чекланган жамиятида инновацион лойиҳа асосида пахта етиштиришда биринчи марта кластер усули қўлланилиб, натижалар салмоқли бўлди. 6 минг 200 гектар ер майдонида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкил этилиб, 16,2 минг тонна пахта хомашёси етиштирилди. Ўртача ҳосилдорлик ҳар бир гектарга 30 центнерни ташкил этиб, анъанавий усулда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан қарийб 1,4 марта кўп юқори ҳосилдорликка эришилди.

Жорий йилда вилоятдаги жами 82 минг 100 гектар пахта майдонининг 9 та тумандаги 63 минг 200 гектари 9 та пахта-тўқимачилик кластерига бириктириб берилди.

“Expo Kollor Prin Teks” масъулияти чекланган жамияти томонидан Тошлоқ туманида пахтачилик-тўқимачилик кластери ташкил этилиб, айни кунларда 5 минг 120 гектар майдонда ғўзанинг юқори сифатли тола берадиган, эрта ва ўртапишар “С-8290”, “Наманган-77”, “Султон” каби ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос навлари парваришланмоқда. Пахтачиликка ихтисослашган 135 та фермер хўжалиги билан контрактация шартномалари тузилиб, биринчи марта жорий этилаётган янги усул фермерларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Август ойи мамлакатимиз деҳқонлари учун энг тиғиз, айни чоғда, ўта масъулиятли давр ҳисобланади. Зеро, пахтачиликда унинг ўрни муҳим бўлиб, ҳосил салмоғини ошириш учун энг қулай пайтдир. Бугунги кунда пахтачилик соҳасини яхши биладиган 20 дан зиёд агроном ва бошқа мутахассислар далаларда бўлиб, экин ривожи, унинг ҳосилдорлигини ошириш билан боғлиқ ишларни олиб бормоқда. Зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида 10 та янги ОВХ агрегати сотиб олинди ва бугунги кунда улардан фермер хўжаликларида самарали фойдаланилмоқда.

Фермерлар бугун кўплаб оворагарчиликдан холи бўлди. Минерал ўғит ёки ёқилғини шартномада кўрсатилган муддатда, керагича олмоқда. Ишчилар ўз вақтида ойлик маош билан таъминланаётир. Ғўза ривожи ва ҳолати эса жамият мутахассислари томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.

– Албатта, манфаат бўлган жойда ишга ҳам муносабат ўзгаради, –дейди “Файзли ой тонги кўрки” фермер хўжалиги раҳбари Тожиддин Ҳайдаров. – Кластернинг афзаллигини бугун барчамиз ўз фаолиятимизда яққол кўрмоқдамиз. Бу йил “Expo Kollor Prin Teks” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома имзолаб, 35 гектар майдонга 45 центнерлик маррани кўзлаган ҳолда “Наманган-77” навли чигит экдик. Ҳозир ғўза ниҳоллари ривожидан кўнглимиз тўқ. Халқимизда “асад – экинингни ясат” деган ажойиб нақл бор. Бу бежиз эмас. Шунинг учун ҳозирда агротехник тадбирларни сифатли бажаришга муҳим эътибор қаратмоқдамиз. Бугунги ҳар бир кун биз учун ғанимат. Ҳозиргача ғўзалар 5 марта суғорилди, 7 марта культивация қилинди.

Кластер корхонаси фермер хўжаликларига ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш каби ишларда яқиндан кўмак бермоқда.

– Бугунги кунда бошқа соҳалар каби қишлоқ хўжалигида чуқур қайта ишлашни ва саноатни ривожлантиришга муҳим эътибор қаратилмоқда, – дейди “Expo Kollor Prin Teks” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдуқаҳҳор Жўрабоев. – Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан пахта-тўқимачилик кластерларининг ташкил этилиши ҳам аграр соҳа тараққиётига хизмат қилмоқда. Илгари корхонамиз фақат калава ип ишлаб чиқариш билан шуғулланарди. Энди эса хомашё шу ернинг ўзида қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади. Чунки инновацион кластер, бу – бир мажмуа доирасида бир жамоа бўлиб ерни шудгорлаш, чигит экиш, пахтани парваришлаш, ҳосилини йиғиб-териб олиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш билан боғлиқ корхоналарни бирлаштирувчи ишлаб чиқариш услубидир. 100 миллиард сўмликдан ортиқ лойиҳа доирасида Тошлоқ туманида бир қатор корхоналар ишга туширилади, янги иш ўринлари яратилади.

Хусусан, келгусида ёғ-мой ишлаб чиқариш, тўқув-трикотаж фабрикалари, ёрдамчи чорвачилик хўжаликлари ташкил этилади, мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Кластерда пахта хомашёси барча босқичдан ўтгач, аъло сифатли, рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотга айланади.

Айни кунларда фарғоналик пахта-тўқимачилик кластерлари ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида ғўза ривожига муҳим эътибор қаратмоқда. Зеро, бугунги ҳар бир агротехник тадбирнинг сифатли бажарилиши ҳосил чўғининг мўл бўлишига замин бўлади. Мухтасар айтганда, мамлакатимизда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан тараққиётни бошлаб берганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться