Яна бир неча кундан сўнг Самарқандда “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивали бошланади.
1997 йилдан буён ҳар икки йилда анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур санъат байрами ўтган давр мобайнида дунё миқёсидаги йирик маданий тадбирга айланди. Унда ер юзининг барча қитъаларидан вакиллар қатнашиб, ўзларининг қадимий ва миллий мусиқа маданиятини намоён этмоқда. Фестиваль доирасида ўтказиладиган илмий-амалий конференциялар эса Шарқ халқлари мусиқа маданияти тарихи ва анъаналарини ўрганишга хизмат қилмоқда.
Бу йил ўн иккинчи бор ўтказилаётган фестиваль ҳам ЮНЕСКО шафелигида ўтказилиши маълум қилинган.
Айни пайтда Самарқандда нуфузли санъат анжуманига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан Самарқанд вилояти ҳокимлигининг чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Унга кўра фестиваль билан боғлиқ ҳар бир жараён эътиборга олиниб, 18 та ишчи гуруҳи ташкил этилди. Улар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тайёргарлик ишларни кенг кўламда, белгиланган вақтда ва сифатли бажариш бўйича штаб фаолияти йўлга қўйилди.
– Ҳар бир ишчи гуруҳнинг вазифаси аниқ белгилаб берилган, – дейди фестивалга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича штаб раҳбари Ш.Йўлдошев. – Жумладан, меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш учун тегишли соҳалар вакилларидан иборат гуруҳ, меҳмонхоналарга жойлаштириш бўйича алоҳида гуруҳ, гид-таржимонлар ажратиш, транспорт хизмати кўрсатиш, вилоятдаги тарихий-маданий ёдгорликларга саёҳатга олиб чиқиш, маданий тадбирлар ташкил этиш бўйича ва бошқа гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозир Самарқанд шаҳридаги меҳмонхоналарда фестиваль иштирокчилари ва меҳмонлар учун жойлар белгилаб олинган. Қайси ошхоналарда овқатлантириш бўйича ҳам аниқ режалар мавжуд. Фестиваль доирасида ўтказиладиган “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияга Самарқанд давлат университети бошчилигида ҳозирлик кўрилмоқда.
Тадбирларда сайёрамизнинг турли ҳудудларидан, бир неча тилларда сўзлашувчи меҳмонлар қатнашиши ҳисобга олиниб, Самарқанд давлат чет тиллар институтидан инглиз, рус, корейс, итальян, испан, француз, немис, хитой, япон ва араб тиллари бўйича 200 нафар малакали ўқитувчи ҳамда талаба гид-таржимон сифатида танланди.
Анъанага кўра, фестиваль иштирокчилари танловдаги чиқишларидан бошқа пайтда Самарқанд шаҳрида, шунингдек, Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Жомбой ва Самарқанд туманларидаги истироҳат боғлари, мусиқа ва санъат мактаблари, аҳоли дам олиш масканларида концерт дастурларини намойиш этади. Бу маданий дастурлар учун ўндан ортиқ жой танланиб, ушбу масканларни ободонлаштириш, қўшимча қулайликлар яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Фестивалнинг бош саҳнаси – Регистон майдонида эса Ўзбекистон халқ артисти Б.Йўлдошев бошчилигида “Шарқ тароналари” ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимининг репетицияси давом этмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА
Манба: ЎзА