Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ёрқин маданиятлар ўчоғи
2019-08-08 | Маданият
Тарих ўз бағрига қанчадан қанча сир-у синоатларни, ўзгача ғаройиботларни ва шу билан бир қаторда, турли бойликларни яширган. Инсоният тамаддун ортидан қуваркан, албатта тарих бағридаги мана шу хазиналарни ҳам кўздан кечирмоғи, жумбоқларни ўрганиб, уларнинг сирини келажак авлодга етказмоғи лозим.
Жорий йилнинг 31 июль куни “Севимли ТВ” телеканали фойесида “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин ва маданият” номли маданий мерос ҳафталигига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Мазкур анжуман Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги кўмагида ташкил этилди.
Тадбир аввалида ҳафталик учун ишланган махсус видеоролик намойиш этилди. Матбуот анжумани зали тарихий археологик манзиллар тасвири акс эттирилган баннерлар билан безатилган бўлиб, барча меҳмонларни олдинда кутилаётган катта маданий мерос ҳафталиги муҳитига олиб кирди.
Илк маърузани Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзлади. Олдинда режалаштирилаётган, яъни 22-27 август кунлари Тошкент, Термиз, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусидаги халқаро конференция ҳамда “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин ва маданият” номли маданий мерос ҳафталиги ҳақида тўлиқ маълумот бериб ўтди.
Ҳафталик дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида халқаро олимларнинг кўплаб сўровларига биноан мустақиллик йилларида биринчи марта Ўрта Осиё ҳудудида I аср ўрталарида пайдо бўлган сирли, ноёб, ҳали ҳануз етарлича ўрганилмаган ва бир вақтлар қудратли Кушон империяси даврига оид ноёб асарлар намойиш этилиши ҳақида хабар берди. Шунингдек, мазкур учрашувда Кушон империяси юзасидан олиб борилган илмий-амалий изланишлар, халқаро доирадаги тадқиқотлар натижалари эълон қилинади. “Кушон хазинаси” номли эксклюзив кўргазма, Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепа қадимги шаҳар қазилмаларида топилган афсонавий “Далварзинтепа олтини” намойиши ҳам бўлиб ўтади. Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, 1972 йилдаги қазишлар пайтида академик Элдор Ртвеладзе бошчилигидаги бир гуруҳ археологлар ушбу минтақа тарихида I асрга тегишли, оғирлиги 36 кг бўлган йирик олтин буюмлар хазинасини топишган. Бугунги кунга қадар ушбу хазиналар давлат фондларида сақланиб келинмоқда ва илгари намойиш қилинмаган. Мазкур ҳафталик давомида ушбу кўргазмалар бўлиб ўтади ва бу Ўзбекистон ёрқин маданиятлар ўчоғи эканлигини, дунё ҳамжамиятида бу каби ноёб топилмаларнинг салмоғи қадрли бўлиб бораётганини исботлайди.
Азиз Абдуҳакимов барча иштирокчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва меҳмонлар Термиз шаҳридаги археологик музей билан яқиндан танишишларини, археологик тадқиқотлар тўплам ҳолида чоп этилгани ҳамда унинг тақдимоти ўтказилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, махсус ишланган ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилади.
Матбуот анжуманида Термиз миллий университети доценти Зокир Холиқов Ўзбекистон маданий меросини халқаро доирага кўрсатиш аҳамиятининг долзарблиги, барчамиз бу каби эзгу ҳаракатларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозимлигини таъкидладилар. Сурхондарё вилояти Туризмни ривожлантириш бўлими Бош мутахассиси Зебунисо Алимардонова эса Кушон империясининг пайдо бўлиши тарихининг ўта қадимий эканлиги, Сурхон воҳасидан турли дин қолдиқлари топилгани хусусида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, кўпчилик ватандошларимиз маълум иш юзасидан, хизмат сафари ёки саёҳат туфайли Сурхондарёга боришлари, аммо йўли тушган чоғда ҳам Термиз археологик музейига кирмасликлари, айримлар ҳатто бундай музей борлигини билмасликлари афсус билан тилган олинди. Мутахассислар янги музейлар очилгани сари сайёҳлар сонининг ортаётгани, уларни обод қилиниши, турли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани борасида тўхталиб ўтдилар.
Режага кўра, Термиз шаҳрида Маданий мерос ҳафталиги қатнашчилари ва меҳмонлар Сурхондарё вилоятининг қадимий шаҳарчалар харобалари, тарихий обидалар, диққатга сазовор қадамжолар, эрамизнинг I-III асрларига тегишли Будда ибодатхонаси мажмуаси, Фаёзтепа ва бошқа бир қанча манзилларни зиёрат қилишади.
“Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси муаллифи ҳамда раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ҳам келгусида ўзининг қимматли маълумотларини оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ўртоқлашади. Ишонамизки, барчани янги фактлар, қизиқарли ва оламшумул янгиликлар кутмоқда.
24 август куни Термиз шаҳрида тарихда илк бор “Ўзбекистон – цивилизациялар чорраҳасида” номли халқаро илмий-амалий археологик конференцияси ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бунда жаҳоннинг кўплаб давлатларидаги таниқли шарқшунос олимларнинг маърузалари тингланади. Долзарб муаммолар ўртага ташланади, ўрганилади, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, энг муҳимлари ва маъқуллари амалга тадбиқ этилади.
Матбуот анжуманида маърузалар тинглангандан сўнг, мутахассислар меҳмонлар билан қизғин савол-жавобга киришиб кетишди. Турли таклифлар, янги ғоялар, археологик туризмни янада ривожлантириш бўйича қатор тавсиялар ўртага ташланди. Жумладан, улғайиб келаётган ёш авлоднинг мактаб дарсликларида Ўзбекистон тарихини янада кенгроқ ёритиш, уларга маданият ва география тарихи юзасидан олиб борилган янги изланишлар натижаларини киритиш бўйича фикрлар билдирилди. Бу борада Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ўзаро алоқа ўрнатиш, медиа тизимида эса қатор креатив лойиҳалар ва инновациялар, давлат грантларини жорий қилиш каби муҳим масалалар кўтарилди. Мазкур ҳаракатлар албатта келгусида ўз натижасини кўрсатиши, маданиятшуносликнинг ривожида ҳам қатор ўзгаришлар рўй бериши кутилмоқда. Азиз Абдуҳакимов яна келгусида янги фикр ва таклифлар бўлса, тўғридан тўғри мурожаатларни кутиши, ўзаро ҳамжиҳатликда бирлашиб ҳаракат қилиш учун тайёрлигини билдирди.
“Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин ва маданият” номли маданий мерос ҳафталигига бағишланган матбуот анжумани кўтаринки руҳда ўтказилди ва ҳафталикка старт берилди. Ташкилотчилар барча меҳмонларни, ОАВ вакиллари ва соҳага қизиқувчи ватандошларимизни ҳафталик доирасидаги тадбирларда кутиб қолишларини айтишди.
Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги