Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси АХБОРОТИ

2019-08-08 | Сиёсат

Маълумки, республикамизнинг қатор ҳудудларида эски бино ва иморатларни реконструкция қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш, олис қишлоқ ва туманлар қиёфасини ўзгартириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида айрим вилоятлар раҳбарлари ва масъул шахслари томонидан фуқаролар ва тадбиркорларнинг кўчмас мулк объектларини бузиш ва ер участкаларини олиб қўйиш билан боғлиқ мулкий ҳуқуқлари қўпол равишда бузилиши қайд этилди. 

Давлатимиз раҳбари томонидан қурилиш ва бузиш ишларида йўл қўйилган хатолар ҳамда аҳоли ва мулк эгалари билан келишилмаган ҳолда амалга оширгани учун Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари фаолияти кескин танқид қилинди. 

Рўй берган ҳодисалар доирасида бино ва иморатлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолати янада мустаҳкамланишини таъминлаш, аҳолининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шароитлар яратиш, бузиш ва келтирилган зарарни қоплаш механизмларини тартибга солиш мақсадида жорий йил 3 август куни Президентимизнинг «Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди.  

Мазкур ҳужжат билан Бош вазир раҳбарлигида бир ой муддатда ер участкаларини олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартибини белгиловчи ҳукумат қарори қабул қилингунига қадар амал қиладиган тегишли жойлаштириш ишларини амалга ошириш тартиби тасдиқланди.  

Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи тузилиб, у икки ҳафта давомида республика бўйича фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказади, бозор нархидан келиб чиққан ҳолда унинг реал баҳосини белгилайди, шунингдек, аҳолидан қарздорликни узишнинг аниқ манбаларини белгилаб беради.  

Жойларга чиққан ҳолда вазиятни ўрганиш, шунингдек, республикамизнинг айрим ҳудудларида қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар ва мансабдор шахсларнинг ўзбошимчаликлари оқибати таҳлили натижалари аниқ таклифлар билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга киритилди.  

Шу билан бирга Президентимиз топшириғига мувофиқ, йўл қўйган қўпол хатолари ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилгани учун Фарғона вилояти Риштон тумани хокими, иқтисодиёт ва қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, ҳоким ва унинг қурилиш бўйича ўринбосари, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими, унинг қурилиш бўйича ўринбосари, туман прокурори ва Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.  

Қопланиши керак бўлган зарар миқдори, жабр кўрган аҳолини моддий ва маънавий жиҳатдан тўлиқ қўллаб-қувватлаш таъминланишини ҳисобга олган ҳолда вилоят ҳокимлари ва бошқа масъул шахсларнинг эгаллаб турган лавозимидан дарҳол озод этилиши улар учун вазиятдан чиқишнинг энг осон йўлидир. Бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар учун масъулият ва машаққат энди уларнинг ишини давом эттирувчилар зиммасига тушади.  

Шуни инобатга олиб, давлатимиз раҳбари томонидан тегишли ҳудудлар раҳбарларининг жойларда улар йўл қўйган хатоларни тузатиш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари ва ҳукуматга ишончини тўлиқ тиклаш бўйича ишларда уларнинг шахсан иштирок этишини таъминлаш мақсадга мувофиқ экани тўғрисидаги таклиф қўллаб-қувватланди.  

Йил якунлари бўйича барча вилоятлар, жумладан, Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, жойларда юзага келган вазиятни ўнглаш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигига баҳо берилади.

Манба: ЎзА

Поделиться