Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инвестицияларни жалб қилиш ва ташқи иқтисодий фаолият масалалари муҳокама қилинди
2019-08-05 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 1 ва 2 август кунлари Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ҳамда "Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги ҳукумат қарорларини муҳокама қилишга бағишланган брифинглар ўтказилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги вакиллари, шунингдек, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган брифингда иқтисодиётга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, маъмурий процедураларни такомиллаштириш ва бизнес-жараёнларнинг шаффофлигини ошириш орқали инвестиция муҳитини яхшилаш, инвесторларнинг давлат тузулмалари ва идоралари, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро молия институтлари билан яқин ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Алоҳида равишда, экспорт қилувчиларнинг долзарб масалалари ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат чора-тадбирлари, шу жумладан молиявий рағбатлантириш механизмлари, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, экспорт фаолиятини суғурта ҳимояси воситаларини ишлаб чиқиш ва экспорт қилувчиларга ёрдам беришнинг бошқа шакллари муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан, Республика ишчи гуруҳининг республика ҳудудларидаги тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри ишлаши катта қизиқиш уйғотди.
Брифинг якунида вазирликлар вакиллари кўриб чиқилаётган масалалар доирасида миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг саволларига батафсил жавоб бердилар.