Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари телефон орқали мулоқот қилди
2019-08-02 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 август куни Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Александр Лукашенко ва биродар Беларусь халқига куни кеча муваффақиятли якунланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларусь Республикасига илк расмий ташрифи давомида кўрсатилган илиқ меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдирди.
Президентлар Ўзбекистон-Беларусь саммити кўп қиррали икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариб, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Хусусан, Минск шаҳрида бўлиб ўтган қўшма Ҳудудлараро форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмасининг самарали натижалари, уларнинг якунида 300 миллион долларга яқин қийматдаги экспорт-импорт шартномалари ва етакчи корхоналар кооперацияси тўғрисидаги келишувлар имзолангани юксак баҳоланди.
Давлат раҳбарлари илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттириш муҳимлигини қайд этдилар.
Ташриф доирасида ташкил этилган Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда Беларусь пойтахтида ўзбек халқининг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоий бюстининг очилиши халқларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилгани таъкидланди.
Мулоқотда эришилган келишувлар ва қабул қилинган ҳужжатларни "йўл харитаси" асосида амалга оширишга қаратилган биринчи галдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва инновацион соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Беларусь корхоналарининг илғор технологиялари ва билимлари асосида иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма лойиҳалар ва кооперация дастурларини илгари суриш хусусида сўз борди.
Мулоқот сўнгида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенкони ўзи учун қулай фурсатда мамлакатимизга расмий ташриф билан келишни яна бир бор таклиф этди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти