Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Кореянинг Эксимбанки томонидан Тошкент шаҳар транспорт инфратузилмаси учун янги концепция тақдим этилди
2019-07-26 | Иқтисодиёт
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жанубий Корея делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда “Интеграциялашган жамоат транспорти стратегиясини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш” мавзуси муҳокама этилди.
Ўзаро мулоқот давомида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикходжаев пойтахтимиз учун транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, бу йўналишда хизмат кўрсатишни замон талаблари даражасига кўтариш муҳимлигини ва бу борада илғор давлатлар тажрибаси ўрганилганини қайд этди.
Шунингдек, бу борада Жанубий Кореянинг импорт ва экспорт банки мутахассислари билан ҳамкорликда ишлар бошланганлигини маълум қилиб, мазкур учрашув биргаликдаги ишларнинг амалий натижалардан бири эканлигини таъкидлади.
Учрашувда Жанубий Корея делегацияси раҳбари Сё Кьюшик Ўзбекистон ва Корея муносабатлари турли соҳаларда тараққий этиб бораётгани, хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Жанубий Кореянинг бир неча шаҳарлари, туманлари, корхона ва ташкилотлари қўшма лойиҳаларни амалга ошираётганлигини айтиб ўтди.
Йиғилишда Кореянинг Эксимбанки томонидан Тошкент шаҳар транспорт инфратузилмаси учун янги концепция тақдим этилди.
Мазкур концепцияда берилган таклифларда пойтахтимизда жамоат транспорти йўналишларини кўпайтириш ва шу орқали пойтахтимизда шахсий автотранспортлар ҳаракатини камайтириш таклиф этилган. Кореялик мутахассисларнинг аҳамиятли таклифларидан яна бири тезюрар автобус йўналишларини ташкил этиш бўлиб, бу шаҳар ичида бир манзилдан иккинчисига тез, осон ва қулай етиб олишни таъминлайди. Қолаверса, концепцияда бу тизимдаги хусусий тармоқ ишини ривожлантириш каби қатор илғор ташаббуслар илгари сурилган бўлиб, энди шаҳар ҳокимлиги ва пойтахт жамоат транспортига масъуллар билан биргаликда ушбу таклифларни ҳаётга жорий этиш масалалари кўриб чиқилади.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги