Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси делегациясининг ташрифига доир
2019-07-24 | Сайлов
2019 йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Эҳтиёжларни баҳолаш миссиясининг сайлов ва сиёсий масалалар бўйича масъул ходими Паскал Русси раҳбарлигидаги делегациянинг учрашуви бўлиб ўтди.
Эҳтиёжларни баҳолаш Миссияси(ЭБМ)нинг асосий мақсади ташриф буюрилган мамлакатдаги сайлов жараёнини тартибга солувчи ҳуқуқий чора-тадбирлар, шунингдек, сайловларни бошқариш органларининг салоҳияти ва эҳтиёжи, кейинчалик координаторга керакли ёрдамни тақдим этишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Миссия одатда сайловчилар учун ахборот ва таълим дастурларини, сайловчиларни рўйхатга олиш ва овоз бериш жараёнларини моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сайлов комиссиялари ходимларини энг яхши халқаро амалиётлар асосида ўқитишни тавсия қилади.
Тадбир давомида М.Абдусаломов мамлакатимизда сайлов соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот бериб, сайлов комиссиялари фаолияти самарадорлигини ошириш, комиссия аъзоларини ўқитиш, сайлов стандартлари ва тартиб-таомилларини бирлаштирган ягона Сайлов кодексининг қабул қилиниши, сайлов қонунчилигини халқаро норма ва стандартларга мувофиқлаштириш борасида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар, бу борада қонунчиликка киритилган янгилик ва ўзгартиришлар билан батафсил таништирди.
Учрашув иштирокчилари томонидан мамлакат парламенти ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш ва улардан фойдаланиш бўйича долзарб масалалар муҳокама этилди.
Ўз навбатида, делегация аъзолари Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида эканлигини таъкидлаб, бу борадаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш қўллаб-қувватланишини билдирдилар.
Миссия экспертларини мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар раҳбарлари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан учрашувлар, шунингдек, Фарғона вилоятидаги шу ташкилотлар вакиллари билан учрашувлари ўтказилиши режалаштирилганлиги қайд этилди.
Манба: Марказий сайлов комиссияси