Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ҳаж-2019" мавсуми бўйича брифинг ўтказилди
2019-07-23 | Жамият
Дин ишлари бўйича қўмита томонидан жорий йилнинг 23 июль куни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасининг мажлислар залида “Ҳаж-2019 мавсуми” мавзусида оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил этилди.
Тадбирда муборак Ҳаж сафарига жўнаб кетаётган зиёратчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, ҳаж сарф-харажатларини янада арзонлаштириш мақсадида “Ҳаж – 2019” мавсумига тайёргарлик ишлари барвақт бошлангани, галдаги вазифалар тизимли ташкил этилаётгани қайд этилди.
Жумладан, 2016-йилда 5 минг нафар зиёратчи Ҳаж сафарига борган бўлса, 2017 йилдан буён уларнинг сони 2 минг нафарга кўпайгани, умумий кўрсаткич 7 мингга етгани, бу йил ҳам худди шунча мўмин-мусулмон юртдошларимиз Ҳаж ибодатини адо этиши айтилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Нуриймон Абулҳасан томониданўтган йиллардан фарқли равишда бу йил ҳожиларимиз сафар олдидан, ватанда бўлиб турган пайтларидаёқ ўзларини ҳам маънан, ҳам руҳан тайёрлаб, улуғ сафарга муносиб бўлиш мақсадида ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар, кам таъминланган оилалар ва аҳоли учун хайрия ёрдами сифатида ўз ташаббуслари билан 9 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатгани зикр қилинди.
Жорий йилдан эътиборан Саудия Арабистонида барча турдаги хизматларга 5 фоизлик қўшимча қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга яна 2,5 фоизлик солиқ киритилгани, хизмат кўрсатиш нархларининг ошишига сабаб бўлиши, лекин Ўзбекистонлик ҳар бир зиёратчи учун белгилаган хизматлар нархи оширилиши ўрнига, сезиларли даражада туширилгани, бу йилги Ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлари сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм этиб белгилангани, яъни нарх 5 миллион сўмга арзонлаштирилгани алоҳида келтирилди.
Юртдошларимиз шу йилнинг 24 июль – 3 август кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина ҳамда Нукус-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатиладилар ва шу йўналишларда мамлакатимизга қайтиб келадилар.
Ўз навбатида, брифингда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ишлар йилдан-йилга яхшиланиб борилаётгани, мисол учун, зиёратчиларимиз шу йилдан эътиборан Мадина шаҳрида 5 юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонасида, Макка шаҳрида 4 юлдузли “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхоналарида истиқомат қилишлари юртимиз зиёратчилари учун галдаги туҳфа бўлгани алоҳида айтиб ўтилди.
Якунда юртдошларимиз мана шундай юксак эътиборга мос равишда ҳаж ибодатини адо этиб, Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатишади, бор куч-ғайратларини эзгу, савобли ишларга сарфлашлари таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси