Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида 20 июль куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган пахта-тўқимачилик кластерлар раҳбарлари ва фермерлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 12 июль куни мазкур заводга ташрифи чоғида аграр соҳа машинасозлигини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги техникаларини арзонлаштириш, тармоқда маҳсулот етиштириш ҳажми ва экспорт салоҳиятини кескин ошириш юзасидан топшириқлар берди. Давлатимиз раҳбари бу вазифалар ижросини таъминлаш учун аввало соҳа вакиллари билан қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим бўлган масалаларни ечиш бўйича очиқ мулоқот ўтказиб, ўзаро фикр алмашиш ва истиқболдаги йўналишларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Шунга мувофиқ, тадбирга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар раҳбар ва вакиллари, қишлоқ хўжалиги кластерлари, фермер хўжаликлари мутасаддилари, олимлар, конструкторлар, муҳандислар таклиф этилди.
Соҳа вакиллари дастлаб “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи”, “Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи”, “Агрегат заводи”, “Технолог” акциядорлик жамиятлари ва бошқа кўплаб корхоналарда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмаси билан танишди.
“Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти раиси Н.Отажонов, қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Хўжаев, Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи бош директори М.Бойқувватов, академик Р.Матжонов, Тошкент давлат техника университети профессори А.Садриддинов ва бошқалар қишлоқ хўжалиги машинасозлиги саноати охирги йилларда ачинарли аҳволга келиб қолгани, уни ривожлантириш учун кўп вақт ва имкониятлар бой берилгани, бир пайтлар ушбу тармоқнинг мақтанса арзигулик тарихи бўлгани, бугунги кунда соҳа вакиллари, олимлар олдига қишлоқ хўжалиги машинасозлигини тубдан қайта ташкил қилиш вазифаси қўйилганини таъкидлади.
Саноат тармоқлари ичида улкан экспорт салоҳияти ва катта захираларга эга бўлган ушбу соҳага мустақиллик йилларида замонавий ишлаб чиқариш муҳити олиб кирилмади, яъни технологияларни жорий қилиш бўйича бугунги кун талаблари даражасида иш ташкил қилинмади. Оқибатда қанчадан-қанча иш ўринлари, ишлаб чиқариш қувватлари йўқотилди. Маҳаллий корхоналар хорижий компаниялар билан нафақат рақобат қила олиш, балки ишлаб чиқариш имкониятларини ҳам қўлдан бой берди. Шу боис қишлоқ хўжалиги техникасига бўлган талаб асосан импорт ҳисобига таъминлаб келинди.
Албатта, хорижда ишлаб чиқарилган техниканинг унумдорлиги юқори, қолаверса, тармоқни жаҳон тажрибаси билан интеграциялаш жуда муҳим. Лекин кластерлар, фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар аввало ўзимиздаги бор имкониятдан фойдаланиб, маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ривожланишига ҳисса қўшиши, уларда ватанпарварлик туйғуси бўлиши зарур.
Бир пайтлар халқ тилида “ТТЗ” номи билан машҳур бўлган корхонани мамлакатимизнинг ҳозирги тараққиётига жавоб берадиган тарзда қайта тиклаб, унинг замонавий маҳсулотлари билан нафақат ички истеъмолчилар талабини қондириш, балки яқин қўшниларимиз, узоқ хориждаги ҳамкорларимизга ҳам етказиб бериш аграр соҳа машинасозлиги олдидаги асосий вазифадир.
Тизимдаги корхоналар йилига 26 минг дона техника ишлаб чиқариш қувватига эга бўлса-да, ўтган йили “Ўзагротехсаноатхолдинг” корхоналари томонидан 11,5 минг дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилган холос. Жорий йилнинг биринчи ярмида 3 минг дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилди ва бу рақам ўтган йилгига нисбатан 50 фоиз кам.
“Ўзагролизинг” АЖга жорий йилнинг олти ойида 2 минг 374 дона техникага буюртмалар келиб тушган, уларнинг маълум қисми бажарилмади. Ички бозорда юртимизда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникасининг улуши 80 фоизни ташкил қилса-да, маҳаллийлаштириш даражаси ўртача 25 фоиздан ошмаётир. Ишлаб чиқарилаётган техника воситалари нархи ҳам хориждаги бошқа турдош корхоналарники билан рақобат қилолмайди.
Маҳаллийлаштириш даражасини ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш ва аниқ лойиҳаларни амалга ошириш биринчи галдаги масалалардан биридир.
Мулоқотда локализация даражасини ошириб, импортни қисқартириш мақсадида Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводида 5 та корхона ташкил этиш режалаштирилгани, айни пайтда ҳамкорлар билан ушбу корхоналарни ишга тушириш юзасидан изчил иш олиб борилаётгани таъкидланди.
Тадбирда фермерлар ва кластер эгалари қишлоқ хўжалиги техникаси учун лизинг шартномалари имзолаш, уларни етказиб бериш, техника воситаларига сервис хизмати кўрсатиш бўйича ўзларини қийнаётган муаммоларни ўртага ташлади.
– Мамлакатимиз иқлим шароитига мос техникалар кўпроқ ишлаб чиқарилса фермерларга анча енгиллик бўларди, – дейди Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги “Мирзакаримов Тешабой” фермер хўжалиги раҳбари, 83 ёшли Тешабой Мирзакаримов. – Шунингдек, оғир техникаларни кўпроқ ишлаб чиқариш зарур. Олимлар биз билан ҳамкорликда ишласа, қайси турдаги техникага талаб юқорилигини ўрганиб, сўнг ишлаб чиқаришга жорий этилса бундан фақат ютамиз.
Тадбирда фермернинг маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича фикр-мулоҳазалари, таклифлари эътиборга олинадиган бўлди. “Мирзакаримов Тешабой” фермер хўжалигига замонавий техника совға қилинди.
– 8 минг 200 гектар еримиз бор, – дейди Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги “Зиёвуддин текстиль” кластери раҳбари Завқиддин Маҳмудов. – Очиқ мулоқотда фаолиятимизни ривожлантириш бўйича кўплаб таклифлар бердик, улар инобатга олинганидан мамнунмиз. Масалан, мен 3 дона ҳайдов тракторига эҳтиёжимиз борлигини айтдим. Бугуннинг ўзидаёқ ушбу техникалар ажратиб берилди. Айни пайтда кластеримиз ва туманимиздаги пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун тракторлар, сеялка ва культуваторлар, жами 280 та техника зарур. Йил охиригача уларни бирин-кетин олиш мақсадида “Ўзагролизинг” билан шартномалар тузилган. Бу ишлар амалга ошса, фаолиятимиз янада ривожланади.
– Бугунги тадбир жуда фойдали бўлди, – деди Наманган вилояти Мингбулоқ туманидаги “Азизбек Абдусаломов” фермер хўжалиги раҳбари Азизбек Абдусаломов. – Юртимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган замонавий техникалар билан танишдик, зарур маълумотларга эга бўлдик. Мулоқотда лизинг тўловларини енгиллатиш бўйича ўз таклифимни айтдим. Чунки бу ҳозир кўплаб фермерларни қийнаб келмоқда. Шуни эътиборга олиб, йилига икки марта, яъни ғалла ўрими ва пахта теримидан сўнг лизинг тўловларини амалга ошириш ҳақидаги таклифим маъқулланди. Сабаби, ўша пайтда фермерлар ҳисобида етарли маблағ бўлади. Таклифим амалга ошса, фермерларга анча енгиллик бўлади.
Очиқ мулоқот фикр алмашувларга бой бўлди. Кўплаб муаммолар ўртага ташланиб, уларни жойида ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Тадбир сўнггида фермер хўжаликлари ва кластерлар “Ўзагролизинг” ва “Ўзагромашсервис” акциядорлик жамиятлари билан техникани лизингга бериш ва жойларда уларга хизмат кўрсатиш бўйича шартномалар имзолади.
Матназар Элмуродов, Абдулазиз Мусаев, А.Абдуллаев (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА