Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент сирдарёлик фаоллар билан суҳбатлашди
2019-07-18 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев Ховос туманидаги «Саховат» фермер хўжалиги даласида бўлиб, ғўза ривожини кўздан кечирди.
«Бек кластер» корхонасига қарашли мазкур хўжаликда жорий мавсумда ғалладан 455 тонна ҳосил олиниб, 314 миллион сўмдан зиёд соф фойда кўрилган. Бўшаган майдонга экспортбоп дуккакли экинлар экилган.
Ҳозирда 50 гектар майдонда ғўза парваришланмоқда.
Давлатимиз раҳбари далага кириб, пахта ривожини кўздан кечирди.
Фермерлар Сардоба сув омбори қурилгани, зараркунандаларга қарши курашиш учун Сирдарё вилоятига бюджетдан 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилгани натижасида энг долзарб масалалар ҳал этилиб, юқори ҳосил етиштирилаётганини таъкидлашди.
- Далага чиқишдан мақсад нима ўзи? Даромад топиш! Даромадни эса биринчи навбатда қўшимча ҳосил таъминлайди. Шунинг учун теримгача ҳар бир тупга камида бештадан кўсак, гектарига беш центнердан пахта қўшишга ҳаракат қилиш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда вилоят туманлари ва секторлар раҳбарлари, нуронийлар, фермер ва тадбиркорлар билан учрашув бўлди. Унда қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Сирдарё вилоятида бу йилги ҳосил учун 73 минг гектар майдонда чигит экилган. Баҳор ойлари серёғин келгани оқибатида айрим майдонлар бузилиб, қайта экилган.
Вилоят ва соҳа мутасаддиларига қолоқ майдонларнинг ҳар бир контури бўйича назоратни йўлга қўйиб, биостимуляторлар билан ишлов бериш, барча агротехник тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Пахтанинг харид нархи ўтган йилгига нисбатан қарийб 1,3 баробарга кўпайтирилгани фермерларнинг манфаатдорлигини оширгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари йирик саноат корхоналари бўлмаган вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотни ўстириш, аҳолини иш билан таъминлашнинг асосий манбаи кичик бизнес бўлиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни кучайтириш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти