Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди
2019-07-15 | Таълим
Юртимизда “Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини ташкил этиш” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.
Мазкур танлов вазирлик, идоралар ва бошқарув органлари раҳбарлари, иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг эътиборини меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга қаратиш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиш, шунингдек, касаба уюшмалари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Кўрик-танлов корхона, ташкилот, муассасалар ўртасида ҳудудий ва Республика босқичи шаклида бўлиб ўтди. Танловнинг барча босқичларда умумий ўрта таълим мактаблари, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаол иштирок этди.
Якуний натижаларга кўра, Жиззах вилояти, Зарбдор туманидаги 1-мактаб, Сирдарё вилояти, Оқолтин туманидаги 3-мактаб, Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 13-мактаб вакиллари ғолиб деб топилди. Ғолиблар Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги