“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан тадбиркорларга ўз хизматларини ўтказишга ҳаракат қилинаётгани ҳақидаги асосланмаган турли хабарлар ижтимоий тармоқлар ва электрон ОАВларда тарқатилаётганига жавоб
Ўзбекистон Республикаси “Темир йўл транспорти тўғрисидаги” Қонунининг 11-моддасига асосан ва темир йўл Уставининг 18-33 бандларига биноан юкларни темир йўл орқали ташиш юк жўнатувчининг буюртманомасига мувофиқ амалга оширилади.
Ушбу Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ темир йўл транспортида кўрсатилаётган хизматлар ҳақи ва тарифлар миқдорини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатилган тартибда амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу модданинг 3-хатбошига асосан, қўшимча кўрсатилган хизматлар ҳақи шартнома асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Тадбиркорларга кенг имкониятлар ва имтиёзлар яратиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда Ўзбекистон Республикаси монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси билан биргаликда 2011 йилнинг 25 ноябрида темир йўл транспортида қўшимча хизматлар турларининг рўйхати тасдиқланган. Бугунги кунга қадар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ мазкур шартнома асосида мижозларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Темир йўл транспортида кўрсатиладиган қўшимча хизматларнинг тасдиқланган турлари жумласидан “Вагонларга белги қўйиш” қўшимча хизмати тури мавжуд бўлиб, у юк жўнатувчи ва юк олувчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.
Юк жўнатувчининг берган буюртманома (заявка)си асосида вагонлар таркибидан керакли миқдорда шартли белги қўйилиб, вагонлар ажратиб олинади ва ушбу белги асосида темир йўл шоҳобчасига етказилади.
“Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Кўкон минтақавий темир йўл узели Унитар корхонаси билан муносабатлар 2018 йил 9 февралдаги 122/пр-02 сонли ўзаро тузилган шартнома асосида амалга ошириб келинмоқда. Ушбу шартноманинг 3.2-бандига кўра, шартномадан келиб чиқадиган барча келишмовчиликлар икки томон ўртасида музокаралар ва даъво аризалари билан хал этилиши кўзда тутилган.
Шунга қарамай, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ қўшимча хизматига хақ ундириш бўйича эътирозни Қўқон минтақавий темир йўл узели Унитар корхонасига, шартномага асосан ёзма равишда мурожаат қилмасдан, яъни икки томонлама кўрилмасдан, шартномага зид равишда, ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат Қўмитасига 2019 йил 18 март куни 701/08-01-сонли хат билан шикоят қилган.
Ўзаро олиб борилган музокаралардан сўнг 2019 йилнинг 7 май куни “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ рахбарияти томонидан, Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат Қўмитаси номига юборилган 08/2-492-сонли хатида, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан кўтарилган масала бўйича аниқлик киритилгани сабабли шикоят хатини эътиборсиз қолдирилишини сўраган.
Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш Давлат Қўмитаси, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи МЧЖ рахбариятининг ёзма мурожаатига қарамай, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга 61,7 млн. сўм маблағни “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖга қайтариб бериш бўйича 2019 йил 13 майдан 21/16-сонли Қарор қабул қилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда асоссиз равишда ундирилган деб ҳисобланган 61,7 млн. сўм маблағ тўғри ҳисобланганлиги сабабли “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи МЧЖ билан ўзаро келишув (мировое соглашение) тузилди.
Қайд этиш жоиз, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ темир йўл тизимидаги хизматларини амалдаги халқаро ва маҳаллий меъёрий ҳужжатларга таянган холда шаффофлилик билан олиб борилишига қатъий эътибор қаратиб фаолият юритади.
Манба: “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти