Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этилади

2019-07-10 | Сиёсат

Президент Шавкат Мирзиёев 10 июль куни суғурта хизматлари бозорини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. 

Суғурта хизматлари иқтисодиётни турли хил молиявий хатарлардан ҳимоя қилувчи воситалардан биридир. Бироқ мамлакатимиз молия бозорида бу хизматларнинг ўрни ҳозирча катта эмас.

Жорий йилнинг олти ойида суғурта ташкилотлари томонидан йиғилган суғурта мукофоти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар ошган бўлса-да, суғурта тушуми аҳоли жон бошига 50 минг сўмдан тўғри келган. 

Ушбу соҳанинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши атиги 0,4 фоизни ташкил этмоқда. Қиёс учун, бу кўрсаткич Жанубий Кореяда 11 фоиз, Германияда 6 фоиз, Россияда 1,5 фоизни ташкил этади.

Бунинг асосий сабабларидан бири - суғурта хизматлари етарли даражада жозибадор эмаслиги. Мисол учун, ўтган олти ойда умумий суғурта тармоғида 887 миллиард сўм суғурта мукофоти йиғилган бўлса-да, ушбу даврда мижозларга тўланган суғурта қопламасининг ҳажми мукофотнинг атиги 11 фоизига  тўғри келган. Дунёда эса бу кўрсаткич ўртача 50-60 фоиздир.

Йиғилишда Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекциясини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда тубдан ислоҳ қилиш масаласи муҳокама этилди. 

– Соҳага назоратчи эмас, илғор ва замонавий стандартларни жорий этадиган, барча иштирокчилар ўртасида чинакам рақобат муҳитини яратиб, суғурта бозорини ривожлантирадиган тузилма керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис ушбу инспекцияни тугатиб, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ташкил этиш таклиф қилинди. Мутасаддиларга суғурта соҳасини ўрта ва узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, 2022 йилгача аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғурта мукофоти ҳажмини 3 баравар, соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини эса 2 баравар ошириш вазифаси қўйилди.

Аввало, аҳоли ва тадбиркорларнинг суғуртага ишончини ошириш зарурлиги таъкидланди. Молия вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасига суғурта даъволарини кўриб чиқиш муддатлари ва ҳужжатларини қисқартириш, суғурта ҳодисасини адолатли баҳолаш ва тўловларни тезкор тўлаш тизимини жорий қилиш вазифаси топширилди. 

Суғурта ташкилотларининг инвестиция фаолиятини қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш юзасидан топшириқлар берилди. Жумладан, суғурта компанияларининг лизинг фаолияти билан шуғулланишини рағбатлантириш ва лизинг хизматлари бўйича солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш вазифалари белгиланди.

Иқтисодиёт тармоқларини суғурта хизматлари билан қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди. Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини суғурталаш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан субсидиялаш механизмларини жорий этиш бўйича кўрсатма берилди. 

Миллий суғурта компанияларининг халқаро молия бозорларига чиқишини таъминлаш, илғор корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш орқали халқаро рейтинглар олиш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланди. 

Суғурта соҳасида замонавий кадрлар тайёрлаш, мутахассисларни нуфузли хорижий билим юртларида ўқитиш ва етакчи компанияларда малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий қилиш ҳақида сўз борар экан, давлатимиз раҳбари бунга пухта тайёргарлик кўриш, тиббий хизматларнинг минимал ижтимоий пакетини шакллантириш кераклигини таъкидлади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться