ЮНEСКОнинг бутунжаҳон мероси масалалари бўйича йиғилишида «Бухоронинг тарихий маркази» ва «Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси» объектлари борасидаги Ўзбекистоннинг ҳисоботлари кўриб чиқилди
2019 йилнинг 4 июль куни ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси қўмитасининг (БМҚ) Боку шаҳрида ўтаётган 43-сессияси чоғида Ўзбекистон томонининг «Бухоронинг тарихий маркази» ва «Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси» объектларининг сақланганлиги тўғрисида тақдим қилган ҳисоботлари кўриб чиқилди.
Мазкур ҳужжатлар асосида қабул қилинган қарорларда Ўзбекистон раҳбариятининг бутунжаҳон мероси объектларини ҳимоя қилиш борасида кўраётган чоралари, жумладан тарихий шаҳарларда қурилиш ишларини олиб боришга мораторий эълон қилиниши тўғрисидидаги ҳукумат қарори маъқулланади.
ЮНEСКОнинг Бухоро шаҳри бўйича резолюциясида Бутунжаҳон мероси объекти бўйича Бошқарув қўмитаси ва юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш учун Идоралараро мақсадли гуруҳнинг ташкил этилганлиги мамнуният билан қайд этилган.
Бутунжаҳон мероси маркази ҳамда Ёдгорлик ва қадамжоларни сақлаш бўйича халқаро кенгашнинг (ИКОМОС) Бухоро шаҳри борасидаги тавсияларини бажариш бўйича Ўзбекистон томони сезиларли ишларни амалга оширганини эътироф этиш даркор. Хусусан, халқаро мутахассислар билан биргаликда шаҳарни сақлаш бўйича зарурий ҳужжатлар тузиб чиқилди. Улар яқин орада ЮНEСКОга тақдим этилади.
Самарқанд борасидаги ҳужжатда БМҚ Бутунжаҳон мероси маркази ва ИКОМОСга 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитини ўтказиш учун Ўзбекистон томонининг инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларини «устуворлик асосида» кўриб чиқиш вазифасини қўйди.
Мазкур банд шаҳарни ривожлантириш борасида ҳозирда халқаро мутахассислар билан биргаликда ишлаб чиқилаётган режаларнинг тезкорлик билан кўриб чиқилишини таъминлайди.
Резолюцияга Самарқанд шаҳрини Хавф остида бўлган бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш тўғрисида хеч қандай қоида қўшилмади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги