Жорий йилда ошқовоқ, қулупнай, қалампир, пиёз, кўк пиёз, картошка, қизил лавлаги, шолғом, мевалардан – шафтоли, лимон, анор, узум, қуритилган маҳсулотлардан бодом, писта, майиз ва бошқалар ўтган йилга нисбатан кўп экспорт қилинди.
Бу ҳақда Миллий матбуот марказида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 октябрдаги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида“ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Унга кўра, экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди. Божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно. Экспорт қилувчи якка тартибдаги тадбиркорларга мева-сабзавот маҳсулотларини дастлабки тўлов, аккредитив очиш ёки харидор банкларнинг кафолати мавжудлиги каби шартлардан бири бўлгандагина экспорт қилиш ҳуқуқи берилади.
Экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқолишлари мавжуд бўлганда, йўқолиш суммаси дебитор қарздорлик сифатида ҳисобга олинмайди, балки экспорт қилувчи балансининг харажат қисмида ҳисобга олинади.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари хамда бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари томонидан етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорти тўғрисида республикадаги вазирлик, идоралар ва вилоятлар хокимликлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш йўлга қўйилган. Мисол учун, Бухоро вилояти вакиллари мурожаатларига асосан тариқ маҳсулотини экспортга чиқаришга эришилди.
Х.Қодиров
Манба: ЎзА