Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Беларусь Тошкентда дори-дармон ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи
2019-07-04 | Иқтисодиёт
Беларусь Республикаси Тошкент шаҳрида дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 10 млн. доллар маблағ ажратади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳасида кўрсатиб ўтилган.
Беларусь томони айни пайтга келиб юридик шахс сифатида BELFARM МЧЖ ХКни очган ва Юнусобод тумани, Кичик ҳалқа йўли, Чингиз Айтматов кўчаси(собиқ Бодомзор)да жойлашадиган ишлаб чиқаришнинг концептуал лойиҳасини тайёрлаган.
Инвесторга умумий майдони 2 гектарлик ҳудуддаги 14 625 кв.метрлик бино ва иншоотлар “ноль” қийматда, аммо инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар билан берилади.
Лойиҳада айтилишича, ҳудуд Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг оператив бошқарув ҳуқуқига тегишли.
Belfarm инвестицияси бўш ётган биноларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, замонавий технологиялар ва синов асбоб-ускуналари билан таъминлаш; GMP ишлаб чиқариш амалиётига мувофиқ антибиотикларнинг стерилланган кукунлари(йилига 10 млн. шишача), қаттиқ дори шакллари(йилига 500 млн. дона таблетка, 60 млн. капсула ва 6 млн. ёстиқча) ишлаб чиқарилишини ташкил этиш; замонавий синов(физика-кимё микробиология) лабораторияси ва фармацевтика маҳсулотлари учун замонавий омборхона яратиш; ҳудудни ободонлаштиришга йўналтирилади.
Лойиҳа якунида 120 та иш ўрин ҳам яратилади.
Манба: «Халқ сўзи»