Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бир йилда 200 дан ортиқ турдаги мева-сабзавотлар экспорти учун 17 хорижий давлатнинг фитосанитария рухсатномалари олинди

2019-07-04 | Иқтисодиёт

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан “Ўсимликлар клиникалари – қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашув” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, зарарли организмлардан холи ва экологик тоза маҳсулот етиштириш, чет давлатларга мева-сабзавот экспортини янада кучайтириш, миллий маҳсулотлар учун янги бозорларга йўл очиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Карантин зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари ва бегона ўтларга қарши кураш тадбирлари хусусида сўз борди.
 
Инспекция томонидан юртимизнинг фитосанитар ҳолатини яхшилаш, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарга кўмаклашиш ва қулайликлар яратиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаяпти.
 
Айни вақтгача 96 фумкамера ташкил этилди ва улар сонини яқин 2 йил ичида 200 тага етказиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу кунгача атиги битта марказий лаборатория ишлаган бўлса, эндиликда ҳар бир ҳудудда лабораториялар фаолияти йўлга қўйилмоқда ва хориждан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланмоқда. Ўзбекистонда илк маротаба Хоразм, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида карантин лабораториялари ташкил этилди.
 
Бундан ташқари, “ISUZU” автобуси базасида 2 мобиль (сайёр) лаборатория ташкил этилди ва йил охиригача улар сонини 10 тага етказиш режалаштирилган. Бу ҳам асосан экспортёрлар учун хизмат қилади, ортиқча вақт ва маблағ сарфланишининг олди олинади.
 
Шунингдек, аввал инспекция тизимида 2-3 та туманга фақат битта инспектор хизмат кўрсатган бўлса, бугунги кунда ҳар бир туманда камида 2-4 та ва ундан ортиқ карантин инспекторлари ишламоқда. Бунинг эвазига дала назорати сезиларли даражада ошди. Экспортёрлар учун энг асосий ҳужжат ҳисобланган, хорижий давлатлар томонидан тан олинган фитосанитар сертификатларни даланинг ўзида ёзиб бериш имконияти яратилди. Экспортёр корхона фитосанитар сертификат олиш учун авваллари 15 кун олдин мурожаат қилиши керак бўлса, бугунги кунда сертификатлар бир кунда расмийлаштириб берилмоқда.
 
Шу билан бирга, хорижий давлатлар карантин хизматлари билан ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилинаяпти. Чет эл мамлакатлари, компания ва корпорациялар билан ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилаяпти.
 
Бир йил давомида 200 дан ортиқ турдаги мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти учун 17 хорижий давлатнинг фитосанитария рухсатномалари олинди. Биргина қовун экспорти бўйича Япония, Ҳиндистон, Марокаш каби давлатлар билан келишувга эришилган бўлса, жорий йилда яна АҚШ, Буюк Британия, Вьетнам, Таиланд, Индонезия, Иордания сингари мамлакатлар карантин хизматларидан экспорт учун рухсат олиниши кутилмоқда.
 
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 мартдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатда биринчи марта ҳар бир туманда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида “Ўсимликлар клиникаси” ташкил этилди. Айни вақтда 180 туман ва шаҳарда 200 ўсимликлар клиникаси ташкил этилди. Жорий йилда улар сонини 400 тага етказиш кўзда тутилмоқда.
 
Мазкур клиникалар ўсимликларга агротехник, биологик ва кимёвий ишлов бериш, ўсимликлар зараркунандалари, касалликларига қарши курашиш бўйича қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва аҳолини кимёвий, биокимёвий, биологик, механик воситалар билан таъминлаш билан шуғулланади.
 
Маълумотларга қараганда, ривожланган давлатларда бу турдаги хизматлар аллақачон оммалашган. Шу маънода мамлакатимизда айни клиникалар тўғрисида аҳолини бохабар қилиш, тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
 
Анжуманда замонавий техник жиҳозлаш, соҳада кадрлар масаласидаги муаммолар, хориждан олиб кирилаётган маҳсулотларни назорат қилиш борасидаги амалий ишлар хусусидаги саволларга жавоб берилди.
 

 

Барно МЕЛИҚУЛОВА

Манба: ЎзА

Поделиться