Йилига икки марта ҳосил олинса-да, унча кўзга ташланмайдиган бу шифобахш мевани оилавий бизнеснинг мўъжизаси десак муболаға бўлмайди. Аслида ҳам Фарғона туманида малина етиштириш аллақачон оммалашиб кетган. Зеро, Водил малинаси бугунги кунда маълум ва машҳурдир.
Бу шифобахш ўсимлик оилавий бизнесни ривожлантириш билан бирга оила аъзоларини доимий иш билан таъминлаш, мўмай даромад ҳисобига турмуш фаровонлигини кескин ошириш имконини бериши шубҳасиз. Шу боис Фарғона туманида “Малиначилик” томорқа масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.
Шу боис Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг фарғоналик вакиллари Украинада Винниция фермерлар ассоциацияси раҳбари Белоус Татьяна, “FruiTtch”, “Deko plant” корхонаси раҳбарлари билан учрашди.
FruiTtch” корхонаси малина ва унинг кўчатини тайёрлаш билан шуғулланмоқда. Айни вақтда улар 14 гектарда малина кўчатини касета усулида кўпайтириб, Ўзбекистон иқлимига тўғри келадиган “джоан джей”, “глен ди”, “октавия ремантатный” каби навларни етиштириш агротехникасини юртимиз вакилларига кўрсатиб беришди.
– Житомир шаҳридаги малиначилик кластерида бўлиб, 22 гектарда парваришланаётган икки йиллик малина кўчатларини кўрдик, – дейди Фарғона вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Зокиржон Икромов. – Улар ҳар гектар малинадан ўртача 12-14 тонна ҳосил олишар экан. Мевалари ҳам йирик-йирик. Бу ерда малина қўлда терилиб, энг аввало +5 даражада музлатгичда совутилиб, кейин -15 даражада 3-4 кун музлатилиб, қадоқланар экан. Биз ана шу тажрибани Фарғонада ҳам қўллаб, экспорт учун ҳосил етиштирмоқчимиз.
Юртимиз вакиллари Винниция шаҳридаги “Рекорт Агро” корхонасининг картошка навларини кўпайтириш ва сотиш жараёни билан ҳам яқиндан танишди. “Syngenta” корхонасидан эса кунгабоқар, маккажўхори, буғдой навларини кўпайтириш ва юртимиз иқлимга мос келадиган навлар тўғрисида маълумотлар олди.
Учрашувлар якунида малина етиштириш ва унинг экспорти масаласида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Манба: ЎзА