Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ: Мўйноқда замонавий электр таъминоти корхонаси фойдаланишга топширилади
2019-07-02 | Жамият
Бугунги кунда мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига йўлингиз тушган бўлса, улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлишингиз аниқ. Чунки сўнгги йилларда одамларни қийнаётган муаммолар секин-аста ечимини топиб, юртимизнинг узоқ манзилларида ҳам ҳаёт жонлана бошлади.
Буни биргина Мўйноқ тумани мисолида ҳам кўриб турибмиз. Туманда айни кунларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тез орада “Mo‘ynoq city” қурилиши ҳам ниҳоясига етиб, туман янги туристик ҳудудга айланиши арафасида.
Куни кеча ҳудуддаги электр таъминоти билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ушбу туманда бўлди.
– Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Мўйноқда ҳам электр энергетикаси соҳасида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев. – Хусусан, бу ерда яқин икки ой ичида инновацион технологиялар билан жиҳозланган, узлуксиз хизмат кўрсатувчи уч қаватли, замонавий электр таъминоти корхонаси фойдаланишга топширилади. Барча қулайликка эга бўлган 120 ўринли кутиш холл ва заллар ҳам истеъмолчилар учун хизмат қилади. Қолаверса, рўйхатга олиш ишларини тизимли равишда йўлга қўйиш мақсадида замонавий талабларга тўла жавоб берувчи 6 та монитор ҳамда бепул Wi-Fi тармоғи ҳам жорий қилинади. Бундан ташқари, мижозлар учун қорақалпоқ, ўзбек ва рус тилларида маълумотлар электрон таблоларда акс этиб туради.
Айни пайтда Мўйноқ туманидаги янги шаҳарча ҳудудида аҳоли ва ишлаб чиқарувчи корхона ҳамда ташкилотлар учун алоҳида алоҳида иккита электр узатиш тармоқлари ва 10 та трансформатор пунктларини реконструкция қилиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг август ойида яна бир йирик лойиҳа – Мўйноқдаги 5190 та истеъмолчиларнинг барчасига Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)га мос замонавий электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари ҳам бошланади.
Табиийки, ушбу саъй-ҳаракатлар мўйноқликларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Манба: ЎзА