Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида жойлашган Хитой импорт-экспорт кўргазмалар мажмуида «Fruit Expo 2019» Халқаро мевалар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Чили, Перу, Эквадор, Буюк Британия, Индонезия, Таиланд, Малайзия, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан, жумладан, Ўзбекистондан келтирилган турли ноз-неъматлар ўн икки минг квадрат метр саҳндан иборат мазкур мажмуа пештахталаридан жой олди.
Маълумки, Хитойда улкан истеъмол бозори мавжуд. Мамлакатнинг ўзида жуда кўп ва турли-туман мевалар етиштирилишига қарамасдан, хориждан импорт қилинадиган мева-чеваларга бўлган эҳтиёж жуда каттадир.
Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири ҳисобланади. Ҳар томонлама стратегик шерик мамлакатлар бўлган Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмлари тобора ошиб бормоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил апрель ойида «Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форумида иштирок этиш учун Хитойга буюрган амалий ташрифи чоғида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан бўлиб ўтган учрашувида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш кўламларини янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилингани баробарида ўзаро савдо ҳажмини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказиш юзасидан муштарак манфаатдорлик билдирилган эди. Ўз-ўзидан аёнки, олий даражадаги бундай ташаббуслар мамлакатимиз тадбиркорларига экспортни янада ривожлантиришлари учун катта туртки бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ республикасидаги элчихонасининг амалий кўмаги билан юртимизда фаолият кўрсатадиган «New Way Caravan Gardens» экспорт компанияси мазкур кўргазмада илк маротаба иштирок этди.
Мазкур компания Гуанчжоу импорт-экспорт кўргазмасида ўлкамиз заминида етиштирилган гилос, қовун, узум ва турли хил қуруқ меваларни намойиш этди. Муҳим жиҳати шундаки, ҳозирги даврга келиб Хитой бозорида бундай маҳсулотларга бўлган талаб тобора ортиб бораётир.
Ҳеч кимга сир эмас: серқуёш ўзбек заминида етиштирилган мевалар ўзининг табиийлиги ва бетакрор мазаси билан бутун дунёга донг таратган. Шу боисдан ҳам кўргазма давомида Ўзбекистон бўлмаси харидорлар билан жуда гавжум, икки томонлама музокаралар ва савол-жавобларга бой бўлди.
Кўргазма доирасида ташкил этилган “Жаҳон мева саноати» форумида «New Way Caravan Gardens» компанияси асосчиси Жамшид Абдуллаев томонидан «Ўзбекистон ва Хитой: Буюк Ипак йўлида» мавзусига бағишланган тақдимот ҳам бўлиб ўтди. Унда бугунги кунларда Ўзбекистон сархил меваларидан дунёнинг 80 мамлакати аҳолиси баҳраманд бўлаётгани маълум қилинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги