Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
МОМИҲ мамлакатлари Тошкентда энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қиладилар
2019-07-01 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида жорий йилнинг 26 июнь куни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда МОМИҲ (Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий ҳамкорлиги) ва минтақа давлатлари энергетика вазирларининг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган мулоқотига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама этилди.
Учрашувда Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон Республикасининг энергетика соҳасидаги ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратаётгани ва бу жараёнда фаол иштирок этаётгани, бунинг ёрқин мисоли сифатида жорий йилнинг 20-21 сентябрида Ўзбекистон пойтахтида МОМИҲ мамлакатлари энергетика вазирлари мулоқоти ва МОМИҲ Энергетика инвестицион форуми ўтказилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ҳамкорлик (МОМИҲ) дастури Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг ташаббуси билан 1997 йилда ишга туширилган.
Ҳозирги вақтда МОМИҲда минтақанинг 11 мамлакати - Ўзбекистон, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғилистон, Тожикистон, Афғонистон (2005 йилдан бери), Покистон, Туркманистон (2010 йилдан бошлаб) ва Грузия (2016 йилдан бошлаб), шунингдек, халқаро донор ташкилотлар: ОТБ, Жаҳон банки, ЕТТБ, ХВФ, БМТ Тараққиёт дастури, Ислом тараққиёт банки иштирок этмоқда.
Шу муносабат билан биринчи марта ўтказилаётган МОМИҲ энергетика вазирларининг минтақавий мулоқоти ўзида мамлакатлар ва компанияларни бирлаштиргани ҳамда ушбу ҳудуднинг энергетик хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиш билан муҳим аҳамиятга эгадир.
Ишончли электр таъминоти аҳоли фаровонлиги учун зарур бўлиш билан бирга, замонавий иқтисодиётнинг асосини ташкил этади. Ва ушбу мақсадга эришиш МОМИҲ энергетика вазирларининг умумий вазифаси ҳисобланади.
Сентябрь форуми доирасида энергетика соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал этиш учун минтақавий ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш кўзда тутилган. Тадбир мавзуси бўйича Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА), Халқаро энергетика кенгаши, дунёнинг етакчи компаниялари раҳбарларининг чиқишлари режалаштирилган.
Ҳукуматлараро мулоқотнинг биринчи кунида энергетика вазирларининг декларациясини қабул қилиш ва имзолаш кутилмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида Энергетика инвестицион форуми (ЭИФ) ўз ишини бошлайди. Мутахассислар унда бизнесни энергетика, хусусан, Марказий Осиё энергетика бозорларига жалб этиш масалаларини муҳокама этадилар.
Маълумки, Ўзбекистон энергетика соҳасида тизимли ислоҳотлар давом этмоқда. Бу 2030 йил учун янги минтақавий энергетика стратегиясини ишлаб чиқиш жараёнида МОМИҲ энергетика сиёсатининг ривожланиши билан ҳамоҳангдир. Шу муносабат билан, ЭИФ-2019 инвесторларга ўтиш давридаги тез ўзгарувчан шарт-шароитларга мослашишга ёрдам беради, ҳукуматлар, инвесторлар ва келгуси авлод тадбиркорларининг бизнес лойиҳаларини рағбатлантиради.
Форум доирасида шунингдек, ОТБ МОМИҲ биринчи стартаплар танловини тақдим этади. Танланган финалчилар ўз бизнес ғояларини «TedTalk» форматида намойиш этишади ва ғолиблар томошабинларнинг овозлари сони билан аниқланади.
Учрашув якунида масъул шахслардан иборат ташкилий қўмитани ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, тадбирни юқори савияда ўтишини таъминлашга хизмат қиладиган вазифалар белгилаб олинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги