Юртимизда етиштирилган мева-сабзавот, узум, полиз маҳсулотлари таъми, сифати ва инсон саломатлаги учун фойдали моддаларга бойлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам дунёнинг турли мамлакатларида Ўзбекистондан келтирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари доим харидоргир бўлган. Аммо бу маҳсулотларни йилнинг тўрт фаслида ҳам чет мамлакатларга экспорт қилиш, узоқ юртларга етказиб беришнинг имкони йўқ.
Самарқанд туманидаги “AGROMIR” компаниялари гуруҳи корхоналари эса серқуёш заминимизда пишиб етилган меваларнинг табиий шарбати ва ширалари, шарбат консентратлари, сабзавот паста ва пюрелари, мева-сабзавот консерваларини йил давомида ички бозорга ҳамда хорижга экспорт қилиб келмоқда.
– Бугун шиддат билан ривожланаётган даврда ички ва ташқи бозорда ўз ўрнимизни мустаҳкамлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда энг муҳими истеъмолчилар талабига мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш асосий мақсадимиз ҳисобланади, – дейди “AGROMIR” компаниялар гуруҳи шарбат ва консерва ишлаб чиқариш заводининг ишлаб чиқариш бўйича директори Ф.Мардонов. – Бу борадаги ҳаракат мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришдан бошланади. Чунки, бизда юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришнинг бир-бирига боғлиқ, узлуксиз тизими амал қилади. У ўз ичига хомашё тайёрланишидан тайёр маҳсулот сотилишигача бўлган жараённинг барча босқичларини қамраб олади. Аввало, хўжаликларимизда мева-сабзавотнинг истиқболли, фойдали элементларга бой навларини етиштиришга эътибор қаратамиз. Бошқа фермер ва деҳқон хўжаликларидан маҳсулот харид қилишда ҳам аввало сифат эътиборга олинади, улар билан билан буюртма асосида ишлаймиз. Ҳар қандай маҳсулотни эмас, бизнинг талабимизга, ишлаб чиқарадиган консерва ва шарбатларимиз сифатига мос маҳсулотларни танлаб харид қиламиз.
Масалан, олма, помидор, узум, олчани асосан компаниямиз боғларида етиштирамиз, шунингдек, Самарқанд тумани ва вилоятимизнинг бошқа ҳудудларидан оламиз. Анор ва беҳи Сурхондарёдан келтирилади. Малина, маймунжон ва қулупнай Тошкент вилоятидан олиб келинади. Шарбатлар ва нектарлар, таркибида шарбат мавжуд бўлган ичимликлар ва морсларда ҳам консервантлар йўқ. Биз фақатгина ананас, лимон, манго, апельсин консентратларини хориждан импорт қиламиз. Қолган барча маҳсулотлар ўзимизда тайёрланади.
Компаниямиз муваффақиятининг муҳим омилларидан яна бири – ишлаб чиқаришда замонавий технологиялар, илғор инновациялардан фойдаланишимизда. Барча ускуналар хорижнинг замонавий технологиялари ҳисобланади. Жумладан, 2005-2009йилларда корхонамизда ишлаб чиқариш модернизация қилиниб, Италиянинг “AlbertoBertuzziSpA” ва Швейцариянинг “BucherBeuer AG” компанияларининг консентратланган шарбат, пюре ва пасталар ишлаб чиқариш бўйича технологик ускуналари ўрнатилди. Улар ёрдамида йилига 50 миллион литрга яқин шарбат ишлаб чиқарилмоқда.
Ишга ана шундай ёндашув натижасида компаниямиз Ўзбекистон бозорида мева-сабзавот шарбат ва консервалари ишлаб чиқаришда етакчи ўрин эгаллайди.
Бугунги кунда “AGROMIR” маҳсулотлари бозорда тан олинган ва ўз ўрнига эга бўлган брендлари остида нафақат юртимизда сотилмоқда, балки Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Афғонистон, Ироқ сингари мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Шарбат кўринишидаги тайёр маҳсулотлардан ташқари, компания меваларидан тайёрланган консентрат ҳам экспорт қилинади. Консентрацияланган, тўйинтирилган шарбатлардан хорижда бир неча турдаги оммабоп брендлар қайтадан ишлаб чиқарилади.
Корхонада ISO 9001:2008 сифат менежменти тизимининг “Сифат менежменти тизими" ва ISO 22000:2005нинг “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги менежменти тизими” ва FSSC 22000 тизими амал қилади.
Самарқанд тумани ва атрофдаги ҳудудларда яшовчи 400 нафардан ортиқ киши мазкур корхонанинг доимий ишчилари ҳисобланади. Шунингдек, яна 250-300 киши мавсумий ишларга жалб қилинади. Корхонада ишчилар учун транспорт хизмати, тушлик йўлга қўйилган.
Инновацион тарзда ривожланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда истеъмолчи манфаати устуворлигида янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш “AGROMIR” комп
аниялари гуруҳининг доимий бош мақсадларидан ҳисобланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат)
Манба: ЎзА