“Тараққиёт стратегияси” маркази 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан тадбир ташкил этди.
Унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Давлат дастури ижроси ҳақида фуқароларнинг фикрларини ўрганишга қаратилган “fikr.strategy.uz” портали ва бошқа лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков журналистларни касб байрами билан табриклар экан, соҳа ходимларининг фаолияти Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти, қолаверса, Давлат дастурларининг ижроси бўйича аҳоли хабардорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этди.
Ҳаракатлар стратегияси ҳаётга татбиқ этила бошлангач сўз эркинлиги, жамият ҳаётида қалам аҳлининг ўрни тамомила янги босқичга чиқди. Давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги борасида ҳам ижобий натижалар кўзга ташланмоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятидан хабардорлигини ошириш, уларнинг Давлат дастурлари ижросига муносабатини изчил ўрганиш мақсадида “fikr.strategy.uz” порталига асос солинди.
Мазкур портал ишга тушиши билан Давлат дастурининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга фақатгина қоғозда эмас, балки амалда баҳо бериш имконияти ортади. Бунда аҳоли фикри мунтазам ўрганилиб, мониторинг ва таҳлил қилинади, аниқланган муаммолар ёки оқсаётган соҳалар бўйича масъул идораларга тегишли тартибда мурожаат қилишнинг асослари мустаҳкамланади.
Шу мақсадда порталда Ҳаракатлар стратегияси асосида 2019 йилда мамлакатни ривожлантириш ва 2020 йилда навбатдаги ислоҳотларни режалаштириш бўйича чора-тадбирларни янада самарали ташкил этиш мақсадида кенг жамоатчилик иштирокида ижтимоий сўров ташкил қилинмоқда.
Сўровнома саволлари сони 34 тани ташкил этади. Улар оддий, халқчил ва тушунарли қилиб, тест шаклида тузилган. Яъни мамлакат тақдирига ўзини дахлдор, деб билган инсон ўртача 8-10 дақиқа ичида ўз фикрини билдириш имкониятига эга.
Сўров натижалари ҳар ой якунига кўра таҳлил қилиниб, марказ расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ёритиб борилади. Тадбирда журналистлар портални янада такомиллаштириш бўйича таклифларини билдирди.
Таъкидланганидек, шу тариқа давлат ва жамият ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабат билдириш учун яна бир муҳим мулоқот майдони юзага келмоқда.
Мулоқот давомида “Тараққиёт стратегияси” марказида Пресс-клуб ва журналистлар гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш масаласи бўйича ҳам фикр алмашилди. Ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ёритишда фаол журналистларга марказнинг эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Манба: ЎзА