2019 йилнинг 17 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги делегация Стокголм шаҳрида бўлди ва Швеция Парламенти, шунингдек, қатор вазирлик ва идораларда музокаралар ўтказди.
Мамлакатимизнинг Берлин шаҳридаги Элчихонаси маълумотига кўра, Швеция Риксдаги (Парламенти) раисининг биринчи ўринбосари Аса Линдестам ва Европа Кенгаши Парламент ассамблеясидаги Швеция делегацияси раҳбари Бориана Аберг билан учрашув давомида Швеция томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан яқиндан таништирилди ҳамда парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шу куннинг ўзида Швеция Ташқи ишлар вазирлиги, Швеция халқаро тараққиёт агентлиги SIDA ва Стокголм Халқаро сув институти SIWI да ушбу идораларнинг масъул раҳбарлари иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди. Икки томонлама ва кўп томонлама шакллардаги муносабатларни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди, хавфсизлик, иқтисодиёт, экология ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Орол фожиасининг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича, шу жумладан, БМТ шафелигида мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун ташкил этилган Кўп шерикли инсон хавфсизлиги бўйича траст фонди доирасидаги Ўзбекистон ҳукумати саъй-ҳаракатларини Швеция томонининг қўллаб-қувватлаши имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Швеция компаниялари иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали республиканинг сув хўжалиги соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликни ўрнатишга Швеция томони тайёр эканлигини изҳор этди.
Шунингдек, Швеция Савдо ва инвестиция кенгаши «Business Sweden»да ва Стокголм ўтиш иқтисодиёти институти раҳбарияти билан ўтказилган учрашувларда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан конструктив фикр алмашилди. Инвестиция ва савдо соҳасида ҳамкорликни, шу жумладан, бизнес миссияларини ташкил этиш ва икки мамлакатда ўтказилаётган кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этиш орқали алоқаларни -фаоллаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги