30 июнь – Ўзбекистон ёшлари куни муносабати билан мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси томонидан Ланчжоу шаҳрида ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ташкил этилди.
Унда Гансу провинциясининг турли олий ўқув юртларида таҳсил олаётган йигит-қизлар қатнашди.
Мазкур провинция ҳудудида ўнга яқин университет мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятида хорижий мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистондан келган кўплаб талабалар ўқийди.
Тадбир чоғида Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ташкил этилган кун - 30 июннинг Ёшлар куни сифатида эълон қилиниши рамзий маънога эга экани алоҳида қайд этилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида алоҳида бўлим давлатнинг ёшлар сиёсатини такомиллаштиришга бағишлангани, мазкур дастурий ҳужжат мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизидан зиёд қисмини ташкил этувчи ёшларга нисбатан давлат сиёсатининг самарадорлигини оширишга қаратилган қатор устувор вазифаларни қамраб олганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 25 сентябрда эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ҳамда 2018 йил 25 октябрда қабул қилинган «Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти, ҳозирги пайтда мазкур муҳим ҳужжатларнинг ижроси юзасидан ҳаётга изчил тадбиқ этилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди.
Хусусан, чет элларда яшаётган ватандошлар билан доимий мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардаги иштирокни рағбатлантириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли, ҳар томонлама ҳимоя қилишга кўмаклашиш борасида муҳим ишлар амалга оширилаётгани ҳақида фикр алмашилди.
Учрашувда Гансу провинцияси олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар Ланчжоу университети хитойшунослик факультети талабаси Достонбек Мамасолиевни ўзларига сардор этиб сайлади.
Тадбир доирасида ўзбек талабалари томонидан «Ўзбекистон ёшлари – порлоқ келажак эгалари» шиори остида флешмоб уюштирилди. Ушбу тадбир интернет тармоғи орқали кенг намойиш этилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги