Тошкентда 18 июнь куни АҚШнинг сертификатланган илк савдо миссияси ўз ишини бошлайди. Ушбу ташриф доирасида АҚШ делегацияси мамлакатимиз тегишли вазирлик ва идоралари, ишбилармон доира вакиллари билан турли учрашувлар ўтказади, тадбирлар ташкил этилади.
Ушбу ташриф Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ савдо вазири Уилбур Росс билан 2018 йил октбярь ойида Тошкентдаги учрашув чоғида эришилган келишувлар ижроси доирасида, мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси ва АҚШ савдо вазирлиги томонидан ташкил этилди.
Савдо делегацияси таркибидан АҚШнинг 13 та етакчи компаниясининг истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қурилиш, геология, металлургия, авиация, логистика, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги техникаси, дастурий таъминот ва таълим каби соҳаларда фаолият юритувчи 30га яқин вакили ўрин олган.
Шунингдек, АҚШнинг йирик корпорацияси “Fortune 500“ таркибига кирувчи “Procter&Gamble”, “Medtronic”, “Bell Helicopter” компаниялари қаторида “Bechtel” (Ўзбекистонда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этиши кўриб чиқаётган) қурилиш фирмаси, саноат ва фуқаро қурилиши, машинасозлик соҳаси учун дастурий таъминот ишлаб чиқаришда етакчи “AutoDesk”, дунёда етакчи “ETS” синов ва баҳолаш таълим ташкилоти (Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан мамлакатимиз олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини топшириш, вазирлик ва идоралар ходимларини аттестациядан ўтказиш жараёнларида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган), Жиззах вилоятида пахта кластери лойиҳасини амалга оширадиган “Silverleafe” инвестиция компанияларини ҳам келтириш мумкин.
Америка компанияларининг Тошкентга ташрифи доирасида мамлакатимиз ҳукумати аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, икки мамлакат молия институтлари ва ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум, шунингдек, “G2B” ва “B2B” форматидаги учрашувлар ташкил этилади.
Манба: ЎзА