Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Голландияда 18-24 июнь кунлари бўлиб ўтаётган хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференциясида иштирок этмоқда.
Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги элчихонаси хабарига кўра, делегация мамлакатимиз Ташқи ишлар вазирлиги, Олий суд, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тошкент халқаро арбитраж маркази вакилларидан таркиб топган.
Хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси 1893 йили тузилган бўлиб, дунёдаги биринчи ҳукуматлараро ташкилотлардан бири ҳисобланади. Тузилманинг мақсади – халқаро ҳуқуқ меъёрларини босқичма-босқич унификация қилишга кўмаклашишдан иборат. Ҳозирги пайтда жаҳоннинг 82 давлати ушбу ташкилотга аъзо.
Ўзбекистонни конференция аъзолигига қабул қилиш жараёни 2019 йилнинг март ойида бошланган бўлиб, унинг жорий йил якунига қадар ниҳоясига етиши кутилмоқда.
Дипломатик сессия якуни бўйича фуқаролик ёки тижорий ишлар бўйича қабул қилинган хорижий суд қарорларининг тан олиниши ва ижро этилиши бўйича Гаага конференциясининг Конвенцияси қабул қилиниши режалаштирилган.
Мамлакатимиз делегацияси тадбирдаги иштироки доирасида бир қатор, жумладан, халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси раҳбарияти ва Третей суди доимий палатаси билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.
Манба: ЎзА