16 июнда мамлакатимизга ташриф буюрган Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид юртимизга сафари доирасида Бухорода бўлди.
У ташриф якунида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига ўз таассуротлари ҳақида гапириб берди:
– 15 июнь куни Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича халқаро кенгашнинг бешинчи саммити йиғилиши доирасида мамлакатингиз Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашдим.
Мулоқот жуда самарали ва ишчанлик руҳида ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги иқтисодий, савдо ҳамда маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдик. Аслини олганда, мамлакатларимизнинг дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари кўп асрлик тарихга эга. Биз янги Ўзбекистон билан халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган алоқаларни юқори сифат босқичига кўтаришга ҳаракат қиламиз.
Президентингиз Душанбедаги учрашувимиз якунида мени Ўзбекистонга таклиф қилди. Бу мени жуда хурсанд қилди.
Сафаримни нима учун Бухородан бошлаганим хусусида тўхталиб ўтсам. Бангладешда Ўзбекистонни, унинг жаҳон тамаддунига катта ҳисса қўшган тарихий шаҳарларини жуда яхши билишади. Айниқса, буюк муҳаддис Имом Бухорий таваллуд топган ва мусулмон оламида машҳур Нақшбандия тариқати асосчиларидан бири аждодингиз Баҳоуддин Нақшбанд вояга етган Бухоро шарифга муҳаббатимиз баланд. Шунинг учун ҳозир ана шу қутлуғ юртдаман.
Аввало, мени юксак даражада кутиб олишгани учун миннатдорман. Мен ва ҳамроҳларим Бухоронинг Лаби Ҳовуз, Пойи Калон мажмуалари билан танишдик. Қадимий Арк қалъасида сақланаётган шариф шаҳрингизнинг бой ўтмиш тарихига доир маълумотлардан хабардор бўлдик. Буларнинг барчаси кишини ҳайратга солади. Бухоро бамисли эртакдаги шаҳар. Қадимий меъморий ёдгорликларингиз мўъжизанинг ўзгинаси. Улар асл ҳолича сақлаб қолинаётгани жуда ҳавасли. Бу халқингиз ўз миллий қадриятини асрашга нақадар эътибор бераётганининг амалий далили. Мен дунёнинг жуда кўплаб тарихий шаҳарларида бўлганман. Лекин улар орасида энг жозибали ва маҳобатлиси Бухоро бўлса керак, деб ўйлайман. Хуллас, Бухоро менинг юрагимни забт эди.
Яна бир нарсани таъкидламоқчиман. Сафаримиз ниҳоясида Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлигини зиёрат қилдик. Бу ерда бўлган киши ўзини руҳан енгил ҳис қилар экан.
Манба: ЎзА