Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн (ГФР) шаҳридаги бош консулхонаси томонидан Винтертур (Швейцария) шаҳрида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни ҳамда хорижлик тадбиркорлар фаолияти учун яратилаётган қулай инвестициявий муҳитга бағишланган ахборот тадбири ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тўқимачилик саноати уюшмаси ҳамда Швейцария Иқтисодий масалалар бўйича давлат котибияти, Бирлашган савдо палатаси (БСП), Туризм уюшмаси, қатор компания ва молия институтлари вакиллари қатнашди.
Тадбир доирасида Швейцария Бирлашган савдо палатаси қошида Ўзбекистон билан алоқалар бўлимининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Швейцариянинг «Rieter» компанияси томонидан юритилиши белгиланган мазкур бўлим Марказий Осиё давлатларининг БСПдаги дастлабки расмий ваколатхонаси ҳисобланади.
БСП раиси, «Burckhardt Compression» компанияси ижрочи директори Марсел Павличек Ўзбекистон билан алоқалар бўлими икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида самарали алоқаларни ривожлантиришда муҳим кўприк бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.
Винтертур шаҳри мери Майкл Кунсле бу каби ахборот тадбирларини кўплаб ташкил қилиш зарурлиги ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий муносабатларни янада равнақ топтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси вакиллари тадбир иштирокчиларига мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, хорижий инвестицияларни жалб қилиш йўлида яратилаётган қулай шарт-шароитлар, сармоядорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Фармацевтика, туризм, тўқимачилик, терини қайта ишлаш ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларидаги истиқболли инвестицион лойиҳалар тақдим этилди.
Тадбирда мамлакатимиз билан самарали ҳамкорлик қилаётган «Schneider Group», «Rieter» ва бошқа компаниялар вакиллари Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар, тадбиркорлик соҳасидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берди, ишбилармонларни мамлакатимизда таклиф қилинаётган янги лойиҳаларда фаол қатнашишга чақирди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари европалик ҳамкорлар билан «В2В» форматида мулоқот ўтказди. Унда истиқболли қўшма инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотларини Швейцария бозорига етказиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Швейцария Бирлашган савдо палатаси ўртасида 2019-2021 йилларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни жаҳон ҳамжамияти, жумладан, швейцарияликлар эътиборини тортмоқда, - дейди Швейцария Бирлашган савдо палатаси раиси, «Burckhardt Compression» компанияси ижрочи директори Марсел Павличек. – Ўзаро ҳамкорлигимизни ривожлантириш мақсадида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Швейцария савдо-саноат палаталари аъзолари иштирокида навбатдаги бизнес-форум ўтказишга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Мақсадимиз мамлакатингиздаги ўзгаришлар жараёнига Швейцариянинг йирик компаниялари ҳамда ўрта ва кичик тадбиркорлик суъектларини фаол жалб қилишдир.
Ўзбекистон раҳбарияти иқтисодиётни либераллаштириш ва хорижий инвесторларни жалб этиш йўлида қатор муҳим чораларни амалга оширмоқда, - дейди «Herculis Partners SA» компанияси раҳбари, Швейцария-МДҲ савдо палатаси вице-президенти Жан-Пол Периа. - Швейцария молия институтлари ва компаниялари эътиборини, айниқса, мамлакатингиздаги хусусийлаштириш жараёни тортмоқда. Савдо палатамиз шу йил октабр ойида швейцариялик 30 га яқин тадбиркорнинг Ўзбекистонга сафарини ташкил қилиш, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Тадбир иштирокчилари эътиборига ўзбек ҳунармандчилиги намуналари кўргазмаси ҳавола этилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги