12 июнь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқовнинг Хитойнинг ZTE телекоммуникация компанияси катта вице-президенти Ван Сианг билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув узоқ йиллар мобайнида томонлар ўртасида амалга ошириб келинаётган музокараларнинг давоми ҳисобланади.
Вазир меҳмонни қутлар экан, Хитойнинг етакчи технологик компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги фаол иштироки мамлакатларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорлик ҳамда республикамизда қулай инвестиция муҳити яратилгани натижаси эканини таъкидлади.
Симли ва мобил кенг полосали уланиш (Интернет) тармоқларини кенгайтиришнинг истиқболлари муҳокамаларнинг марказий мавзусига айланди. Шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва соҳа мутахассислари малакасини ошириш бўйича ҳам фикр алмашилди.
ZTE корпорациясининг катта вице-президенти компания Ўзбекистонда ўз фаолиятини янада фаоллаштиришга тайёр эканини билдирди.
Вазирлик томонидан ҳам замонавий ва талаб юқори бўлган телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун энг янги технологияларни жорий этиш юзасидан ҳамкорликдаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ZTE корпорациясининг Ўзбекистондаги телекоммуникация операторлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиши қўллаб-қувватланиши маълум қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги