Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пенсия жамғармаси раҳбарияти Тошкент шаҳрида сайёр қабул ўтказди
2019-06-13 | Жамият
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказишни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жойларда аҳоли билан ўтказилаётган учрашувлар ва сайёр қабуллар мазкур йўналишдаги ишларнинг биридир.
2019 йил 12 июнь куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида истиқомат қилувчи фуқаролар билан ўтказилган сайёр қабулда Пенсия жамғармаси раҳбарияти, Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассислари, Яшнобод туман ҳокими ўринбосари, тегишли ташкилот ва муассасаларнинг масъул вакиллари иштирок этишди. Тадбирда фуқароларга пенсия тайинлаш, пенсия ва нафақа олувчиларга тўловларни амалга ошириш тартиби ҳақида кенг турда маълумот берилди. Ногирон фарзандни тарбиялаётган оналарга нафақалар тайинлаш тартиби, талаб этиладиган иш стажи ва ҳужжатлари, ихтиёрий суғурта бадалларини тўлаш тартиби бўйича берилган саволларга жавоблар берилди.
Аксарият фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан шу ернинг ўзида ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 12 нафар фуқароларнинг мурожаатлари қўшимча ўрганиш талаб этилганлиги учун назоратга олинди.
Пенсия жамғармаси раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабуллари жорий йилнинг 13 июнь куни Тошкент вилоятида ҳамда 14 июнь куни Сирдарё вилоятида ташкил этилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси