Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари туристларга нисбатан жиноят содир этилишига йўл қўймаган
Бу ҳақда пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “Хавфсиз туризм” концепцияси доирасида амалга оширилган чора-тадбирларга бағишлаб ўтказган матбуот анжуманида айтилди.
Мамлакатимизда туристик салоҳиятни юксалтириш, туристлар оқимини кўпайтириш, шунингдек, уларга қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш мақсадида 2017 йил 23 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ туристлар оқими юқори бўлган Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида 2018 йил 1 январидан бошлаб хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил қилиниб, танлов асосида бир нечта хорижий тилларда эркин сўзлаша оладиган, касбий жиҳатдан етук ҳамда юксак муомала маданиятига эга ходимлар жамланди ва моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Тадбирда ички ишлар органлари хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмаларининг туризм объектларида ва инфратузилмаси ҳудудида туристлар хавфсизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлари натижаси бўйича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятлари ИИБларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан жорий йилнинг 5 ойи давомида 47 давлат ва халқаро ташкилотлардан ташриф буюрган 313 делегацияни кутиб олиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва кузатиш билан боғлиқ тадбирлар ташкил этилган.
Бўлинма ходимлари томонидан турли масалаларда ёрдам сўраган 23 мингдан ортиқ хорижий ва маҳаллий туристларнинг мурожаатлари кўриб чиқилган ва уларга керакли ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, туристларга нисбатан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг маданияти ва меҳмондўстлик фазилатларини юксалтириш мақсадида бўлинмалар томонидан 2 минг 709 профилактик тадбир ўтказилган.
Туристларга қўшимча қулайликлар яратиш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш масалалари юзасидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларга 105 таклиф ва тақдимномалар киритилган, уларнинг 18 таси ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматларига, 42 таси маҳаллий ҳокимият органларига, 45 таси бошқа давлат орган ва ташкилотларига юборилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ташкил этилган ҳудудларда туристлар томонидан ёки уларга нисбатан бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.
– Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 6 мартдаги “Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра туристик салоҳияти юқори бўлган Тошкент, Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрининг ички ишлар органлари таркибида ҳам хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ташкил қилинди, – дейди Ички ишлар вазирлиги хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси бош инспектори, полковник Сарварбек Усмонов. – Шунингдек, юклатилган вазифаларни самарали бажариш учун барча бошқармалар замонавий техник воситалари билан жиҳозланди. Жумладан, алоҳида белгилари билан ажралиб турувчи автобус, енгил хизмат автомашиналари, мотоцикл, скутер, сегвей ҳамда планшетлар билан таъминланган.
Манба: ЎзА