Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм соҳасидаги жамоат ташкилотларини институционал қўллаб-қувватлаш учун аризалар қабул қилиниши бошланганлигини эълон қилади
Туризм соҳасида фаолият юритаётган жамоат ташкилотлари (айни вақтда институционал қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошираётган ташкилотлардан ташқари) томонидан аризалар www.uzbektourism.uz веб-сайтида жойлаштирилган шаклда қабул қилинади.
Жамоат ташкилотлари томонидан тақдим этиладиган аризалар қуйидаги устувор йўналишлар бўйича ишлаб чиқилиши лозим:
1. Меҳмонхона ва ресторанларда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, раҳбар, масъул ходимларнинг салоҳиятини ошириш, мазкур соҳада хориждаги етакчи меҳмонхона ва ресторанлар вакилларини кенг жалб қилиш орқали турли ўқув-машғулотларини ўтказиш, хорижий туристларга хизмат кўрсатиш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашга кўмаклашиш ҳамда кадрлар базасини шакллантириш.
Ўзбекистонда меҳмонхона ва ресторанларда хорижий туристларга хизмат кўрсатиш даражасини халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида халқаро конференция ва семинарларни ўтказиш, хорижий экспертлар иштирокини таъминлаш ҳамда тадбирлар якуни бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
2. Гидлар малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашинув имкониятини яратиш, хорижий экспертлар иштирокида тадбирлар (семинар, конференция, форум ва б.) ташкил этиш. Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Ўзбекистон гидлари фаолияти ҳақида видеороликлар яратиш, шунингдек, ноқонуний фаолият юритувчи гидларга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
3. Ҳудудларда оммалашмаган туризм объектларини (моддий ва номоддий маданий мерос объектлари, зиёратгоҳлар, табиий объектлар, тарихий архитектура ва маданий иншоотлари ва б.) ўрганиш, улар тўғрисидаги илмий асосланган маълумотлар ҳамда улар билан боғлиқ ривоят ва маҳаллий аҳоли талқинидаги қизиқарли маълумотларни йиғиш ҳамда интернет ресурсларида чет тилларда маълумотларни кўпайтириш.
Мамлакатимиз ҳудудидаги Нақшбандия тариқатининг «Олтин силсила» халқаси намоёндалари ҳақидаги ишончли маълумотларни тайёрлаш ҳамда аҳолига ва хорижий сайёҳларга етказиш учун чоп этиш;
4. Хорижий мамлакатларнинг (АҚШ, Германия, Индонезия, Жанубий Корея, Россия, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой, Япония ва б.) туризм соҳасидаги хусусий ташкилотлари, шу жумладан жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ривожлантириш, шунингдек, сайёҳлар оқимини ошириш бўйича йирик тадбирларни ташкил этиш;
5. Хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилган ҳолда сайёҳлик мавсуми паст бўлган даврда «Open air» халқаро фестивали, «Silk Road Air» халқаро мусобақаси ва бошқа тадбирларни ўтказиш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ҳаво шарида намойиш этувчи ўзбек, рус ва инглиз тилларида видеороликлар тайёрлаш.
Туркиянинг Каппадокия шаҳри тажрибасини кенг ўрганган ҳолда Ўзбекистонда ҳаво шари фестивали марказини яратиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.
Аризаларга қуйидаги ҳужжатларни илова қилиш зарур:
1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати;
2. Охирги ўзгартириш ва қўшимчалар билан давлат рўйхатидан ўтган ННТ Устави (Низоми) нусхаси;
3. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;
4. Лойиҳани амалга оширишда ташкилотнинг қўшган моддий ҳиссаси тўғрисида маълумот.
5. Ҳужжатлар 2019 йил 10 июлга қадар қабул қилинади.
Ҳужжатлар «Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси» номига «Ўзбекистон почтаси» орқали юбориладиган муҳрланган конвертларда (А4 форматда) қуйидаги манзил бўйича қабул қилинади: 100066, Тошкент шаҳри, Олмазор кўчаси, 171-уй.
Маълумот учун телефонлар: (71) 245-29-12, (95) 193 34 05.
* Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3514-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлар режасининг 26-банди ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги