Хива шаҳрида илк бор полвонлар пири Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишлаб ўтказилаётган “Баҳодирлар ўйинлари” халқаро турнирининг ҳал қилувчи иккинчи кунги беллашувлари бошланди.
Мусобақада қатнашчилари “Хива” темир йўл вокзалида “Ўзбекистон поезди” шарти бўича локомотив (тепловоз)ни 20 метр масофага тортиш бўйича баҳс юритишди. Уларнинг маҳоратини юзлаб мухлислар кузатишди. Эътиборлиси, томошабинлар қаторида чет эллик сайёҳлар ҳам бор эди.
Спортчиларнинг чиқишларини хорижий ҳакамлар бошқариб боришмоқда.
Якуний натижаларга кўра, ушбу машқни бажаришда биринчи ўринни Украина давлатининг 2019-йилги чемпиони Павло Кордияка эгаллади. Иккинчи ўринга Ўзбекистоннинг 46 карра, жаҳоннинг икки марта чемпиони ва Осиёнинг мутлоқ ғолиби Сергей Трубитсин сазовор бўлди. Учинчи ўринни эса Жанубий Американинг 2018-йилги энг кучли одами Вагнер Менетсес Дос Сантоз банд этди.
Эслатиб ўтамиз, “Баҳодирлар ўйинлари” ғолиб ва совриндорлари алоҳида шарт бўйича эмас, еттита шарт жараёнида йиғилган жами очколар бўйича аниқланади.
-Турниримиз ўзига хос жозибадорлиги билан барчага хуш кайфият бағишлаяпти, -деди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Мадаминов. –Бинобарин, жаҳоннинг энг кучли полвонларининг куч-қувватини, маҳоратини бевосита томоша қилиш имконияти ҳамма вақт ҳам бўлавермайди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги