Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Минг нафар йигит бир пайтнинг ўзида “Андижон полькаси”га рақс тушди
2019-06-04 | Маданият
Ҳар бир миллатнинг, ҳар бир ҳудуднинг ўз рақси бўлади.
Масалан, лезгинка барча кавказ аҳлининг фахри бўлса, лазги Хоразм шижоатини ўзида мужассам этган. Худди шунинг сингари “Андижон полькаси” андижонликларга хос жиҳатларни ўзида мужассам этган. У оддий рақс эмас, ҳар бир ҳаракатида тилсиз ифода мужассам. Мисол учун, икки қўлни мушт тугиб, олдинга кетма-кет бурама ҳаракатлантириш, ўнг ва чап қўлларни баландга кўтариб силкиш йигит кишини куч-қудратга тўлганини, бир қўлни белга қўйиб, иккинчисини даст кўтариб силташ ва қулоч ёзиб тепага кўтариш Ватанга, юртга содиқлигини билдиради.
”Андижон полькаси” бундан юз йил муқаддам яратилган. Унинг мусиқасини “Ориф гармон” тахаллуси билан машҳур бўлган Орифжон Тошматов ёзган бўлса, рақсини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуғаффор Қодиров саҳналаштирган. У йигитлар рақси ҳисоблангани боис қизлар томонидан ижро этилганида ҳам йигитларга хос кийиниш урф бўлган. Яъни, андижонча дўппи, чопон, яктак, махси ва белбоғ ушбу рақснинг рамзий шаклидир. Чопоннинг этак қисмини бир томонга қистириб олиниши ҳам андижонча чапанилик маъносини билдиради”,-дейди Андижон тумани маданият маркази раҳбари Абдулазиз Юсупов.
Фото: Рустамжон Нишонов, “Халқ сўзи”
Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг биринчиси ёшларни мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга йўналтирилган. Шу боис ҳам вилоятда “Андижон полькаси” рақсига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унинг илк босқичи туман ва шаҳарлар миқёсида ташкил этилган бўлиб, фаол иштирок этганлар якуний тадбирга таклиф этилдилар. Шундай қилиб, Андижон шаҳрининг З.М. Бобур номли миллий боғда минг нафар чапани йигитлар бир пайтнинг ўзида “Андижон полькаси”га хиром этдилар. Бугина эмас, шу куни улар Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ҳам ўз маҳоратларини намойиш этишди. Бир сўз билан айтганда, “Андижон полькаси”нинг 100 йиллигига бағишланган байрам дастурида, нафақат, ҳаваскор раққослар, балки, юрагида ўти бор барча андижонликлар рақсга тушди.
Саминжон Ҳусанов/Андижон.
Манба: «Халқ сўзи»