Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Давлат органлари матбуот хизматлари: Трансформация

2019-06-01 | Жамият

Замонавий сиёсий воқеликлар шароитида оммавий коммуникацияларни шакллантириш ва ривожлантириш давлат томонидан комплекс ёндашувни талаб этади. Ривожланган мамлакатлар тажрибасига таяниб, мамлакатимизда матбуот хизматлари давлат тузилмаларининг ОАВ билан муносабатларини тартибга солувчи восита ҳисобланади.

Дунё кўз ўнгида ўзгараётган Ўзбекистонда ушбу воситага бугун эҳтиёж жуда катта. Ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг ошкоралиги қонун устувор бўлган ҳамда давлат органлари халққа хизмат қилаётган мамлакатимиз яхлитлигига таъсир кўрсатади.
 
Матбуот хизматларини ҳаракатсизликда айблаш, хато бўларди. Асло ундай эмас. Ўтган икки ярим йил уларнинг шаклланишида муҳим босқич бўлди. Ўзгаришлар таъсири остида медиа соҳа кенгликларини ўзлаштирган журналистлар билан муайян алоқа ўрнатилди.
 
Матбуот хизматларининг функцияси пресс-релизлари кечикиб бериладиган зерикарли брифинглар ташкил қилишдан иборат, деган олдинги тасаввур эскирди. Кадрлар сиёсати ҳам қайта кўриб чиқилди: илгари жамоатчилик билан алоқалар ходимлардан бирига ортиқча юклама сифатида юклатилган бўлса, эндиликда соҳага ҳақиқий профессионал ходимлар, ёш ва истиқболли журналистлар, PR мутахассислари жалб қилинди.
 
Бироқ ҳозирги ўзгаришлар суръатида эришилган натижалар етарли эмас. Соҳа фаолиятининг ҳанузгача бир неча эскирган ҳужжатлар ҳамда ички идоравий низомлар билан регламентга солинганини соҳа ривожидаги асосий тўсиқлардан, деб аташ мумкин. Матбуот хизматлариниг тўлақонли фаолият юритиши учун замонавий воқеликларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор етишмас эди.
 
Давлатимиз раҳбарининг Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик субъектлари ва турли ташкилотларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигини тубдан такомиллаштириш ҳамда матбуот хизматлари фаолиятини ривожлатиришга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ҳамкасбларимизнинг якдил фикрича айнан шундай пойдевор бўла олади. Қарор лойиҳаси ҳозирда фаол муҳокама қилинмоқда.
 
Мазкур ҳужжат ташаббускори – Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам етарли даражада ёритилмаяпти. Бу эса, нотўғри, асоссиз, уйдирма ахборотларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Бундай уйдирмалар кенг тарқалса ва давлат органлари матбуот хизматлари томонидан зарур жавоб қайтарилмаса, аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва норозиликларга сабаб бўлиши мумкин.
 
Қарорни ҳеч бир муболағасиз муҳим ва тарихий ҳужжат, деса бўлади. Мамлакатимизда илк бора ахборот хизматиниг асосий вазифалари, ваколатлари ва мажбуриятлари, ташкилотлардаги матбуот котибларнинг ўрни ва мавқеи белгилаб берилади. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат билан матбуот хизматларининг моддий-техник ва молиявий таъминоти, ушбу хизмат ходимларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш мустаҳкамлаб қўйилади. Ва ниҳоят, мазкур тузилмалар ҳуқуқий кафолатларга эга бўлади.
 
Концептуал ҳужжатнинг қабул қилиниши бир пайтнинг ўзида бир неча муҳим мақсадларга эришиш имконини бериши шубҳасиз. Жамоатчилик билан алоқалар учун масъул бўлган тузилма мавқеининг оширилиши самарасида давлат органлари ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлиги ҳам ортади. Матбуот котибларида давлатимиз раҳбари имзоси билан мустаҳкамлаб қўйилган бепарво мансабдорларга таъсир кўрсатувчи механизм пайдо бўлади.
 
Ушбу ўзгаришлар фаол ва фидокорона меҳнат билан бирга мамлакатимизнинг ошкоралик рейтинглардаги ўрнини юксалтиришга хизмат қилади, Ўзбекистоннинг глобал ҳамжамият томонидан ижобий қабул қилинишига таъсир кўрсатади.
 
Америкалик ҳамкасбларимизнинг тажрибасига мурожаат қиладиган бўлсак, матбуот хизматлари ва матбуот котибларининг вазифалари турли шахслар томонидан амалга оширади. Масалан, котиблар ташкилот раҳбарининг жамоатчилик олдидаги чиқишларини ташкил этади. Матбуот хизматлари эса вазиятни, юз бераётган жараёнларни таҳлил қилади, уларнинг устидан мониторинг олиб боради. Матубот котиби раҳбар фаолияти тўғрисида умумий ахборот тизимини юритиб боради ва ушбу маълумотни жамоатчиликка тақдим этади.
 
Биз давлат органларининг матбуот хизматлари фаолиятини ташкиллаширишда кўп йиллик тажрибага эга бўлган ҳолда, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббусидан илҳомланиб, Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати жамоаси билан биргаликда PR- стратегиясини ишлаб чиқдик. Унда ижтимоий тармоқлар ва ОАВда салбий ҳолатларнинг олдини олиш услублари ва бошқа жиҳатлар кўрсатиб ўтилган.
 
Айни дамда мамлакатимиз солиқ тўловчиларини холис ахборот билан таъминлаш мақсадида ДСҚнинг барча бошқармалари, ҳудудий бўлинмалари билан узлуксиз ва яқин ҳамкорлик қилиш биринчи галдаги вазифа этиб белгиланди.
 
Ишончим комилки, ҳақиқатдан ҳам зарур бўлган мазкур ҳужжат маъқулланади ва тез фурсатда республикамиз давлат органлари матбуот хизматлари профессионаллик нуқтаи назаридан хорижий ҳамкасблари билан тенглаша олади.
 

 

Тўрабек Тўраев, ДСҚ жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси бошлиғи

Манба: ЎзА

Поделиться