Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон — Туркманистон: Янги темир йўл станцияси иш бошлади

2019-05-29 | Иқтисодиёт

Сурхондарё вилоятининг қўшни Туркманистон Республикаси билан чегарадош Музработ туманидаги Чегарачи маҳалласи ҳудудида барпо этилган Сурхонобод темир йўл станцияси фойдаланишга топширилди.

– Бу станция қўшниларимиз билан дўстлик, ҳамкорлик ришталарининг янги кўринишда мустаҳкамланаётгани халқимизга хос азалий қадриятларимиз юксалиб бораётганининг ёрқин ифодасидир, – дейди меҳнат фахрийси, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Абсоат Шайманов. –Ўтган йили мамлакатимизни қўшни Тожикистон билан боғлайдиган Амузанг, Қудуқли станциялари очилиб, барча шароит яратилганидан биз, икки давлат темир йўлчилари беҳад мамнун бўлган эдик. Янгидан қурилган Сурхонобод станциясида яратилган шароитларни кўриб, фахр туйғумиз янада юксалди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кейинги йилларда Туркманистон Республикасига, Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга расмий давлат ташрифлари икки дўст мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилаётир. Шунга мувофиқ давлатларимиз темир йўл тизимида ҳам ўзаро ишончга асосланган яқин биродарлик муносабатлари йўлга қўйилган. Ўзбекистон ва Туркманистон давлат темир йўл тармоқлари ўртасида ташувлар сонини ошириш, транзит юкларни ташиш, вагонларга техник хизмат кўрсатиш, уни таъмирлаш каби йўналишларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар бунга яққол далилдир.
 
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси, ДХХ Чегара қўшинлари ҳамкорлигида барпо этилган мазкур станцияда барча қулайлик мавжуд.
 
– Шу кунгача мамлакатимизнинг жанубий қисмида қўшни Туркманистон Республикаси билан темир йўл орқали ташувлар Болдир станцияси орқали амалга оширилаётган эди, – дейди Сурхонобод темир йўл станцияси бошлиғи Беҳзод Худойбердиев. – Бу ерда айрим замонавий шароитлар етишмасди. Янги станцияда импорт-экспорт ташувлари учун барча шароит барпо этилиб, поездлар давлат чегарасини кесиб ўтадиган махсус йўллар, чегара, божхона хизмати кўрсатиш ва бошқа давлат назорати турларини тезкор, сифатли амалга ошириш имконияти яратилган.
 
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ахборот-таҳлилий медиа марказидан олинган маълумотларга кўра, “Боштранслойиҳа” АЖ мутахассислари ишланмаси асосида бунёд этилган янги темир йўл назорат ўтказиш пунктини “Термиз махсус қурилиш” унитар корхонаси ишчилари барпо этди. Янги станция атрофидаги қарийб тўрт километрга яқин масофа темир панжара билан ўралди. 34 минг куб-метр тупроқ ишлари бажарилди. Бу ерда нафақат темир йўлчилар, балки чегарачилар, божхоначилар, давлат ветеринария, ўсимликлар карантини ва бошқа ташкилотлар учун ҳам қатор қулайликлар муҳайё қилинган. Замонавий ошхона ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилган. Компьютер ва бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиб, видеокузатув мосламаси ўрнатилган.
 
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 26 та темир йўл станцияси мавжуд бўлиб, тўрттаси қўшни давлатлар чегарасида жойлашган. Улар ён қўшни давлатлар ўртасидаги товар айрибошлаш ва экспорт-импорт хизматларини кўрсатишда муҳим аҳамият касб этаётир. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил ривожлантириш, миллий иқтисодиётимизни юксалтириш ҳамда ўтмишдан яқин қўшни, дўст-биродар бўлиб яшаган халқларимиз ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустахкамлашга хизмат қилмоқда. Шу маънода қардош давлат чегарасида қад ростлаган Сурхонобод темир йўл станциясининг мамлакатимизни қўшни Туркманистон билан мустаҳкам боғлайдиган янги дарвоза сифатида қучоқ очгани аҳамиятлидир.

Манба: ЎзА

Поделиться