Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жиззахда Ички ишлар вазирининг ўринбосари сайёр қабул ўтказди
2019-05-23 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосарларининг оммавий сайёр қабулларини ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи асосида Ички ишлар вазирининг ўринбосари Муҳиддин Жўраев Жиззах политехника институтида оммавий сайёр қабул ўтказди.
Мазкур тадбир аввалида республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари Муҳиддин Жўраев ва вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодировлар сўзга чиқиб, жойларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш мақсадида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига тўхталиб ўтдилар.
Айтиш жоизки, оммавий сайёр қабулга вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидан фуқароларнинг келиши учун вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан 14 та автобус ажратилди. Шунингдек, қабул ўтказиладиган бинода тиббий хизмат кўрсатиш, мурожаат этувчиларнинг болаларини овунтириш ва овқатланиш учун шароитлар яратилди. Қабуллар тартибига мувофиқ, масалаларни жойида ва самарали ҳал этиш мақсадида тадбирга ҳокимликлар, бошқарма, ташкилот, муассасалар, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари жалб этилди.
Мулоқотлар жараёнида фуқароларни газ, электр, сув таъминоти, коммунал тизимда нореал қарздорлик, даволаниш учун ордер олиш, кредит, моддий ёрдам, уй-жой билан таъминлаш, турар жой таъмирига оид муаммолар қийнаётгани аён бўлди. Ишга жойлашиш ёки тикланиш, фуқаролик паспорти олиш, пенсия билан таъминлаш, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, қурилиш, йўл таъмири, тергов-суриштирув фаолиятига оид масалалар ҳам кўтарилди.
Тадбир доирасида 3 нафар вояга етмаган ҳамда 10 нафар катта ёшлиларга ногиронлик аравачалари топширилди. Бу эътибор улар қалбида қувонч уйғотгани яққол сезилди. Шунингдек, Жиззах шаҳри маҳаллаларида яшовчи 31 нафар кам таъминланган оилалар вакилларига имтиёзли кредит асосида микротўлқинли печлар ажратилди.
Шу куни Ички ишлар вазирининг ўринбосари 203 фуқарони қабул қилди. Муаммоларни ҳал қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида 44 та мурожаат жойида ижобий ечим топди. 46 кишига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Бажарилиши вақт талаб этадиган масалаларга тегишли идоралар вакиллари бириктирилиб, ҳал этилиш муддатлари белгиланди.
Жараёнда қайта мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилиб, республика миқёсида ҳал этиладиган масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Бундай тадбирлар аҳоли дуч келаётган қийинчиликларни бартараф этиш, фаровонликни оширишга хизмат қилиши тайин.
Манба: Жиззах вилояти ҳокимлиги